Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейининг филиали иш бошлади
Спорт вазирлигида Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейи филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизга амалий ташриф билан келган ФИФА президенти Жанни Инфантино иштирок этди. Тадбир давомида музейнинг фаолияти, унинг асосий йўналишлари ҳамда ташриф буюрувчилар учун яратилган замонавий кўргазма билан танишди.
Музей экспозицияларидан Олимпия ва Паралимпия ҳаракати тарихи, Ўзбекистон спортининг ривожланиш босқичлари, мамлакатимиз спортчиларининг халқаро мусобақалардаги ютуқлари, шунингдек, спорт соҳасига оид ноёб экспонатлар ва тарихий материаллар ўрин олган.

Филиалдаги замонавий технологиялар асосида ташкил этилган кўргазма майдонлари, спорт тарихига оид қимматли экспонатлар ҳамда Ўзбекистон спортининг халқаро майдондаги ютуқларини акс эттирувчи материаллар ташриф буюрувчиларга мамлакатимиз спорти тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида кенгроқ маълумот олиш имконини тақдим этади.

Очилиш маросимида музейнинг спорт тарихини асраб-авайлаш, ёш авлодни спортга қизиқтириш ва мамлакатимизнинг спортдаги ютуқларини кенг тарғиб этишдаги аҳамияти таъкидланди.
Жанни Инфантино музейнинг фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.
Т.Рўзиев,
ЎзА