Олимпиада ўйинлари яна бошқа муддатга қолдирилмоқда
Токио ёзги олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси директори Харуюки Такахасининг маълум қилишича, олимпиада ўйинлари яна бошқа муддатга қолдирилиши мумкин.
Токио ёзги олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси директори Харуюки Такахасининг маълум қилишича, олимпиада ўйинлари яна бошқа муддатга қолдирилиши мумкин. Nikkan Sports News газетаси шу ҳақда хабар берди.
Ёзги олимпиада ўйинлари бу йил ёзда Токиода бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан ўйинлар бир йилга кечиктирилди.
Агар келаси йил баҳорда Олимпиада ўйинларини июль-август ойларида ўтказиш муаммо бўлиши маълум бўлса, «биз Халқаро олимпиа қўмитаси билан бирга уни яна кейинроқ муддатга чўзиш устида ишлашимизга тўғри келади», дея таъкидлади у.
Ушбу баёнотни олимпиада ўйинларини ўтказишга масъул бўлган мансабдор шахсдан эшитиш илк бор кузатилмоқда, дейилади хабарда.
Сўнгги пайтларда Япония сиёсатида олимпиадани ўтказиш мавзуси тез-тез муҳокама этилмоқда. Масалан, бош вазир Абе ва Токио губернатори Юрико Коике ўйинларни ортиқча дабдабаларсиз, «соддалаштирилган» кўринишда ўтказиш таклифини илгари сурганди. Аммо бошқа кўплаб мутахассислар коронавирусга вакцина яратмасдан туриб, ушбу халқаро спорт анжуманини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашмоқда.
Нашрнинг ёзишича, ўйинларни яна бошқа вақтга кўчириш қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Энг аввало, ўйинлар 2022 йилга кўчираладиган бўлса, шу йили Пекинда қишки ва Сенегалда ёшлар олимпиада ўйинлари бўлиши мўлжалланган, қолаверса, Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги олимпиадага ҳам атиги икки йил қолган бўлади.