Олимп чўққиси сари одимлаётган ўзбек ўғлони
Республика ва халқаро мусобақалардаги муваффақиятлари билан танилаётган Раҳимжон Узоқов янги ғалабалар ва Олимпия орзуси сари қатъий интилаётган ёш чемпионлардан биридир.
Юртимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш спортчилар сафида янги номлар тобора кўпаймоқда.
Ана шундай истиқболли полвонлардан бири — юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Бухоро давлат университети талабаси Раҳимжон Узоқовдир. У қисқа вақт ичида республика ва халқаро мусобақаларда улкан муваффақиятларни қўлга киритди.
Раҳимжон Узоқов 2004 йил 20 июнда Бухоро вилояти Когон туманида туғилган. У спортга болалигидан қизиқиб, 12 ёшидан юнон-рум кураши билан шуғуллана бошлади. Илк муваффақияти Бухоро вилояти чемпионатида қўлга киритган бронза медали бўлди. Айнан шу ғалаба унинг катта спортдаги ишончини мустаҳкамлади.
Изчил меҳнат ва машғулотлар ўз самарасини кўп куттирмади. 2023 йилда Раҳимжон полвон мамлакат чемпионига айланди. Орадан бир йил ўтиб, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритиб, халқаро майдонда ҳам ўз салоҳиятини намоён этди.

2025 йил спортчи учун муҳим босқич бўлди. У яна бир бор Ўзбекистон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Вьетнамдаги U23 Осиё чемпионатида бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, Хорватиядаги рейтинг турнирида саккизинчи, Сербияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтинчи ўринни эгаллаб, дунёнинг энг кучли полвонлари билан тенгма-тенг рақобатлаша олишини исботлади.
2026 йил эса Раҳимжон Узоқов фаолиятида алоҳида аҳамият касб этди. У кетма-кет учинчи марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Энг муҳими, Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида бўлиб ўтган U23 Осиё чемпионатида 87 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпионига айланди. Бу натижа нафақат унинг шахсий фаолияти, балки Бухоро кураш мактаби ва мамлакатимиз спортчилари учун ҳам муҳим ютуқ сифатида баҳоланди.
Раҳимжон III Туркий давлатлар Универсиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди. Бу унинг халқаро мусобақаларда барқарор натижа кўрсатаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ёш полвон эришган ютуқларида оиласи ва устозларининг меҳнати беқиёс эканини алоҳида таъкидлайди.

— Бугунгача эришган барча натижаларимда ота-онам ва оиламнинг қўллаб-қувватлаши, шунингдек, болалигимдан катта спортга тайёрлаб келаётган устозим Фаррух Аҳмедовнинг меҳнати жуда катта. Уларнинг ишончи менга янги марралар сари интилиш учун куч бағишлайди, — дейди Раҳимжон Узоқов.
Бугунги кунда спортчининг асосий мақсади — 2026 йил АҚШда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиш, 2028 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш ва Ватанимизга Олимпия олтинини тақдим этишдир.
Раҳимжон Узоқовнинг бугунги муваффақиятлари иқтидор, меҳнат ва матонат уйғунлигининг ёрқин намунасидир. Унинг спортдаги ҳар бир ғалабаси мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётганининг яна бир тасдиғи ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА