Олимларимиз уруғликларни дорилашда янги усулни қўлламоқда
Маълумки, юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида экинларнинг юқори авлодли уруғларини етиштириш, уруғчилик соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, сифатли уруғликларни етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Уруғчиликни ривожлантириш марказига қарашли "Uchqo'rg'on best seeds" уруғлик тайёрлаш корхонасида уруғлик буғдойни экишдан олдин Аспирин (ацетилсалицил кислота) билан ишлов бериш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур усул уруғларнинг унувчанлиги, ўсимликнинг стресс омилларига чидамлилиги ҳамда ривожланиш жараёнига ижобий таъсирини ўрганишга қаратилган. Тажриба натижалари илмий таҳлиллар асосида баҳоланади.

Жумладан, мутахассислар тавсиясига кўра, кимёвий препаратлар (фунгицид ва инсектицидлар) билан биргаликда аспирин қўллаш уруғларнинг ҳимоясини кучайтириш билан бирга, ниҳолларнинг стресс омилларига чидамлилигини оширишга ҳам хизмат қилади. Кимёвий препаратлар уруғни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилса, аспирин ўсимлик иммунитетини фаоллаштириб, совуқ, қурғоқчилик, шўрланиш каби ноқулай шароитларга мослашувчанлигини яхшилайди.
Мазкур усулнинг афзалликлари орасида уруғнинг униб чиқиш энергияси ва илдиз тизими ривожланишини яхшилаши, фитотоксик таъсирни камайтириши ҳамда кейинчалик бошоқ узунлиги, дон сони ва массасининг ортишига ижобий таъсир кўрсатиши қайд этилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА