Олима аёллар – миллат келажагининг тарбиячиси
Қарши давлат техника университетида Қашқадарё вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят “Олима” ва “Ихтирочи аёллар” уюшмалари ҳамкорлигида “Илмли аёл – жамият кўзгуси” ҳафталиги доирасида “Олима аёллар – миллат келажагининг тарбиячиси” мавзусида хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот ишлари натижалари ва халқ амалий санъати намуналари бўйича кўргазмалари ташкил этилди.
Шундан сўнг “Олима аёллар – янги Ўзбекистон тараққиётида” мавзусида маънавий-маърифий семинар бўлиб ўтди.
Маърузаларда аҳолининг саломатлигини яхшилаш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат дастурининг устувор йўналишлари, олима аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, илмий изланишлари, маънавиятли онанинг комил инсон тарбиясидаги фидойилиги эътироф этилди.
[gallery-21881]
Шунингдек, тадбир доирасида “Миллий либос – миллат ғурури” шиори остида университетнинг олима аёллари, талаба қизлар ўртасида миллий либослар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари