Ғолиблар мамлакат босқичига боради
Андижонда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижонда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Савдо саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу танлов ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлишга интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларни моддий-маънавий рағбатлантириш, навқирон авлод қалбида ватанпарварлик ва амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган танловнинг Андижон вилояти босқичидаПрезидентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун барча шароит яратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Энг фаол ёш олим”, “Энг фаол ёш банк ходими”, “Энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими”, “Энг фаол ёш спорт мураббийи”, “Энг фаол ёш транспортчи”, “Энг фаол ёш шифокор” номинациялари бўйича биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Хўжалигимизда Польша ва Австриядан келтирилган наслли қорамоллар парваришланади, – дейди танловнинг “Энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими” номинацияси ғолиби, Избоскан туманидаги “Жонобод чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Даминов. – Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, хўжалик қошида сутни қайта ишлаш цехи ташкил этдик. Кунига 4 тонна сут қайта ишланиб, қадоқланган сут, сметана, қатиқ, қаймоқ, творог сингари ўнга яқин турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили хўжаликнинг айланма маблағлари ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Андижон вилояти бўлими томонидан олинган 225 миллион сўм кредит ҳисобига хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатдик. Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини янада оширишга хизмат қилди. Вилоятда биринчи бўлиб мевали ва шоколадли творог ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.