Ғолиб жамоа ютуқни болаларга совға қилишди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокими кубоги учун мини-футбол мусобақаси бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокими кубоги учун мини-футбол мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа аввалида ташкил этилган тадбирда Гулистон шаҳридаги 4 сектор ҳамда мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари, ҳаваскор мини-футболчилар иштирок этди.
Биринчи бор ўтказилган ушбу мини-футбол турнирида шаҳардаги корхона, ташкилот, муассаса ва фирмалардан 20 га яқин жамоа таркибида 150 нафардан ортиқ ҳаваскор мини-футболчилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
– Гулистон шаҳар шаҳар прокуратурасининг ташаббуси билан очиқ мини-футбол майдонимиз яқиндагина мусобақаларни ўтказиш талабига мослаб тубдан қайта таъмирдан чиқарилди, – дейди Гулистондаги Болалар шаҳарчаси мудираси Покиза Аҳмеджонова. – Ушбу мусобақанинг ўзига хос томони беллашувга келган ҳар бир жамоа Болалар шаҳарчамизга ўз туҳфалари – жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари бўлган китоблар, шунингдек, спорт кийимлари ва анжомлари, билан ташриф буюрди.
Гулистон шаҳар ҳокимининг кубоги учун ўтган муросасиз мини-футбол баҳсида Муроджон Довуров раҳбарлигидаги “Гулистон деҳқон бозори таъсисчилари” жамоаси барча рақибларини доғда қолдириб, шаҳар ҳокими кубоги соҳиби бўлди.
Беллашув сўнгида ғолиб жамоалар ўзларига совға сифатида тақдим этилган катта экранли телевизор ва бошқа қимматли буюмларни Болалар шаҳарчасига тақдим этди.

