Ола билсанг, тупроқ олтинга тенг
Ер инсонни тўйғазиб келган, бундан кейин ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотларини етказишда суғориладиган экин ерлари, ўзлаштирилиши мумкин бўлган майдонлар асосий замин бўлиб қолади.
Бу оддий формула, аммо унинг ечими самарали, стратегик аҳамиятга эга. Масалан, кундалик истеъмол қилинадиган таомларимизда ишлатиладиган масаллиқлардан картошка, сабзи, пиёз, гуруч, буғдой ва бошқа зироатлар, савзавотлар, полиз экинлари дала ва томорқаларда етиштирилади.
Ҳатто, гўшт ва сут маҳсулотларининг асоси, энергия манбаи ҳам ер саналади.
Давлатимиз раҳбарининг деярли кундалик чиқишларини, ижтимоий-иқтисодий, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш учун ҳудудларга амалга ошираётган ташрифларини институционал мактаб сифатида кузатиб боришга одатланганман. Чунки, Президентимиз ўртага ташланган – олға сурган ҳар бир дастур халқчил, оддий одамлар тушунадиган ва ҳаётимиз учун ўта муҳим, истиқболлидир.

Жорий йил 13 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев дала четларида маҳсулот етиштиришни кўпайтиришнинг устувор вазифаларини белгилаб бераркан, бу вазифа глобаллашув шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўл келадиган агротехнология сифатида жамоатчиликда қатта қизиқиш уйғотди, кенг қўллаб-қувватланди. Давлатимиз раҳбари дала четларига экин экиб, қўшимча ҳосил олишни жорий йил 23 март куни қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган йиғилишда белгилаб берган эди.
Топшириққа кўра, Кадастр агентлиги ўтказган хатловда республикамизда 60 минг гектарга яқин дала четларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, бўш турган дала четларидан мақсадли фойдаланиш орқали 337 минг тонна қўшимча истеъмол маҳсулотлари олиш имконияти борлиги аниқланган.
Таъкидлаш жоизки, глобаллашув шароитида ўтаётган вақт, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида долзарбдир. Негаки, деҳқончилик кун санайди. Қайсидир экинга вегетация давридан бир кун кечикиб ишлов бериш кўнгилдагидек ҳосил ололмасликка сабаб бўлишини оддий миришкор деҳқон ҳам яхши билади. Бу эса, ҳар бир қарич ердан оқилона ва ўз вақтида самарали фойдаланишни талаб қилади.
Давлатимиз раҳбари 13 апрель куни олинган ҳисоботларга кўра, дала четларида деҳқончилик қилиш учун уруғ, кўчат, ўғит ва сув таъминоти мақсадларига 100 миллиард сўм йўналтирди, бу салмоқли сармоялар эса, арзон истеъмол маҳсулотларига айланиб юртдошларимиз хонадонларига, дастурхонига фаровонлик ва қут-барака олиб бориши турган гап.
Табиийки, етиштирилган полиз маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш жуда муҳим ҳисобланади. Ривожланган давлатларда ҳудудий совутгичлар ташкил қилинган, аҳоли маҳсулотлари уларда хавфсиз ва сифатли сақланади. Шу боис қуритиш ва совитиш ускуналарини харид қилишга давлатимиз раҳбари 50 миллиард сўм ажратишига кўрсатма берди, бу катта янгилик, қувонарли ҳодиса.
Негаки, илгари деҳқонлар ҳосил етиштирса, уни қаерда сақлашни билмасди, ҳосил эса чириб, нес-нобуд бўлишидан қўрқиб экин экмасди. Таваккал қилолмасди. Деҳқончилик бир буржидан деганларидек, бугун совутгичли омборлар ташкил қилинмоқда, эндиликда дала четларига турли зироатчилик, дуккакли ва полиз экинларини экиш тадбирига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бунинг натижасида кузги мавсумда ички бозорлар арзонлашади, шу аснода шаҳар бозорлари ҳам барқарорлашади. Импорт ўрни қопланади, экспорт ҳажми ошади. Бу аҳоли учун жуда қулайлик яратади.
Ердан самарали фойдаланишда Корея тажрибаси “Олдингдан оққан сувни қадри йўқ”, деган халқ нақли бежиз айтилмаган. Ҳадисларда исрофгарчилик – ношукрлик, деб таърифланган. Аниқланган ерларнинг бекор туриши ҳам аслида исрофгарчиликнинг кўзга кўринмас омили бўлиб келган десак, адашмаймиз.
Давлатимиз раҳбарининг дала четларига экин экиш бўйича мазкур топшириғи бизга Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги тажрибасини эслатади.
Жанубий Корея учун 51 миллиондан зиёд аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш осон иш эмас, боиси ҳукумат қишлоқ хўжалиги саноатини қатор инновацион чора-тадбирлар билан диверсификация қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириб келмоқда. Бу борада илмий-тадқиқотлар олиб бормоқда, қишлоқ хўжалиги экинларининг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлларини изламоқда.
Жанубий Корея ўнлаб йиллар давомида қишлоқ хўжалигини юқори даражада қўллаб-қувватлаб келаркан, бу соҳани ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда ер, меҳнат ва солиқ ислоҳоти зарурлиги ҳақида кенг сиёсий миссияни илгари сурмоқда.
Аграр соҳадаги интенсив самарали ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаси кўрсаткичлари изчил яхшиланиб бормоқда. Натижада Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб, кўп миқдорда гуруч, буғдой, пахта, гўшт, паррандачилик, тухум ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш даражасига етди. Аҳолисининг ички эҳтиёжларини қисман қоплашга эришмоқда.
Қишлоқ хўжалигида техника ва илғор технологиялардан фойдаланишни кўпайтириш борасида ҳам кўплаб имконият йўлларини изламоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатда соҳа самарадорлиги ва ер унумдорлигини ошириш учун янги қишлоқ хўжалиги технологиялари жорий этилмоқда. Бу борада ҳукумат кўп йиллик дастурларни қабул қилди. Масалан, фермерлар даромадини икки баравар ошириш ва 2050 йилгача бўлган даврда соҳага қишлоқ аҳолисининг қарийб ярмини жалб қилиш таҳсинга лойиқ.
Бу туб ислоҳотларда Жанубий Корея ҳукумати ўнлаб йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасини ўғитларни субсидиялаш, кредитлаш шартларини юмшатиш каби механизмлар орқали фаол қўллаб-қувватлаб келгани натижасини кўрсатади. Шу билан бирга, фермерларга ўз даромадларини адолатли баҳолаш ва келгуси қишлоқ хўжалиги мавсумини шунга мувофиқ режалаштириш имконини беради.
Жанубий Кореянинг федерал ва минтақавий органлари давлат муассасалари тармоғи ва турли дастурлар орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилишга, ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини яхшилаш учун муҳим бўлган икки асосий омил – тупроқ ва сув борасидаги муаммоларини илмий-инститционал бартараф этиш бўйича қатор илмий-сиёсий чор-тадбирларни амалга оширмоқда.
Демак, “Осиё йўлбарси” нафақат саноат соҳасида ердан оқилона, институционал фойдаланиб катта даромад, манфаат олмоқда, балки демографик ўсишда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларга омилкор ечим топмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг дала четларидаги бўш турган ерлар ва томорқалардан “бир маҳалла – бир маҳсулот” дастури доирасида унумли фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида илгари суриб келаётган фикрлари Жанубий Кореядагидек аграр соҳа самарадорлигига етаклаши шубҳасиз.
Озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб Президент Шавкат Мирзиёев дала четларидаги ерларда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришнинг устувор вазифаларини белгилаб бераркан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида 60 минг гектарга яқин дала четларидан самарали фойдаланиш, уларда энг замонавий агротехнологияларни қўллаш, институционал такомиллаштириш йўналишларини бизга тақдим қилади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дала четидаги зовур ва сув бўйларида 600 минг бош парранда боқиш, қарийб 300 мингта асалари уяси жойлаштириш имконияти бор бўлиб, бунинг механизмлари туб ислоҳотларда шаклланиб келмоқда. Бу борада бой тажрибамиз бор. Хусусан, қуёнчилик, паррандачилик, туяқушчилик, балиқчилик, эчкичилик ва чорвачилик соҳаларини маҳаллабай дастурлар асосида ушбу ерларда ташкил қилиш кўплаб мавсумий иш ўринларини яратиш имкониятини бериши мумкин.
Бўш турган дала четларида тут дарахтини кўпайтириш эса пиллачилик соҳаси ва экология учун фойдали. Шўрга ва сувсизликка чидамли қовоқ, зиғир, кунжут ва мош каби озуқабоп, харидоргир дуккакли экинларни кенг кўламда етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта роль ўйнайди.
Бундай самарали чора-тадбирларни давлатимиз раҳбари ўз ташаббуслари билан қўллаб-қувватлаб, катта сармоялар йўналтираётгани қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни кенг кўламда илмий татбиқ қилишни ўргатади.
Шерзод ҚУРБОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими,
ЎзА