ОКМКда халқаро стандартларга мос чиқинди омбори барпо этилмоқда
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 март куни расман фаолиятига старт берилган 3-Мис бойитиш фабрикасининг энг йирик инфратузилма объекти — халқаро стандартларга мос бойитиш қолдиқлари омборини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Айни пайтда қурилиш майдонида 3 та пудрат ташкилоти, 300 га яқин махсус техника воситалари ҳамда малакали мутахассислар куну тун, узлуксиз меҳнат қилаётган бўлиб, умумий қурилиш ишларнинг қарийб 60 фоизи муваффақиятли бажариб бўлинди.
Қурилиш сифати ҳар бир босқичда қатъий назорат қилинмоқда. Ҳар бир бажарилган қатлам аввало геодезик ўлчовлар орқали лойиҳавий белгиларга мувофиқлиги бўйича текширилади. Шундан кейин лаборатория мутахассислари томонидан намуналар олиниб, уларнинг зичлиги, намлиги ҳамда бошқа техник кўрсаткичлари лойиҳа талаблари асосида синовдан ўтказилади. Бу қурилаётган иншоотнинг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва узоқ муддатли ишончли эксплуатациясини таъминлайди.
Умумий майдони 2800 гектарни (1-харита 1420 гектар, 2-харита 1380 гектар) ташкил этувчи ушбу улкан мажмуа йилига 59 миллион тоннадан ортиқ технологик чиқиндиларни хавфсиз ва тизимли қабул қилиш қувватига эга.
Жараён шундан иборатки, флотация жараёнидан сўнг ҳосил бўладиган қолдиқлар қарийб 9 километр узунликдаги махсус гидротранспорт тизими орқали омборга узатилади.
Лойиҳада экологик хавфсизлик ва ресурс тежамкорлиги устувор вазифа этиб белгиланган бўлиб, комбинат амалиётида илк бора сузувчи насос станциялари қўлланилмоқда.
Ушбу технологиялар ва махсус чуқур қудуқлар тизими орқали тиндирилган ҳамда фильтрацияланган сувлар қайта технологик жараёнга йўналтирилиб, табиий сув истеъмоли кескин тежалади ва ер ости сувлари ифлосланишининг олди олинади. Бундан ташқари, омбор участкалари юқори мустаҳкамликка эга геомембрана қопламаси билан ҳимояланиб, барча технологик маълумотлар марказий диспетчерлик бошқарув тизимида тезкор таҳлил қилиб борилади.
Мазкур объект 3-МБФнинг узоқ муддатли барқарор фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.