Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни ҳамда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик байрами муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида сўз олган ОКМК АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов соҳа вакилларини қўшайём билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, бугунги кунда комбинат ишчи-ходимларининг ижтимоий ҳимояси йўлида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, Жиззах вилоятининг Зомин туманида замонавий дам олиш маскани қурилиши якунланганини, ушбу сиҳатгоҳ ҳам комбинат меҳнат жамоасига ажойиб туҳфа бўлиши маълум қилинди.


Тадбир давомида сана муносабати билан соҳа вакиллари турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, Фахрий Ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди. Бундан ташқари, комбинат таркибий бўлинмаларидан касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларининг фаолларига ҳам қимматбаҳо совғалар улашилди.


Шунингдек, сана муносабати билан ўтказилган “Энг яхши роликлар” танлови ғолиблари ҳам рағбатлантирилди. Тадбирда намойиш этилган Касаба уюшмаси Кенгаши фаолиятини акс эттирувчи саҳна кўриниши олқишларга сазовор бўлди.

“Металлург” маданият саройи бадиий жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди. “Радуга” цирк жамоаси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўлимининг карате-до секцияси вакилларининг кўргазмали чиқишлари байрам тадбирини янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
А.Мусаев, ЎзА.