Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур доирасида ОКМК – “Сўғдиёна”, “Андижон” – “Динамо” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Суперлига баҳсларининг марказий ўйинларидан бири бўлган ОКМК ва "Сўғдиёна" жамоалари тўқнашуви голларга бой ўтди. Учрашувда дастлаб "Сўғдиёна" вакили Люпчо Дориев 47-дақиқада ҳисобни очган бўлса, мезбонлар шарафини ҳимоя қилаётган Али Абдураҳмонов 52-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Л.Дориев ўзининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бироқ ушбу вазиятдан ўзини йўқотиб қўймаган Миржалол Қосимов шогирдлари ҳужумларга бор эътиборини қаратди. Натижада 74- ва 84-дақиқаларда Хуршид Ғиёсов рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Шу тариқа, ОКМК рақиб устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва 16 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида яққол пешқадамга айланди.
6-турда “Бобур-арена” стадионида ўтказилган "Андижон" – "Динамо" қарама-қаршилигида 1:2 ҳисоби қайд этилди. Ўйинда Улуғбек Абдуллаев (“Андижон”), Лука Оскович ва Фирдавс Абдураҳмонов (“Динамо”) ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди.

Бугун, 21 апрель куни “Сурхон-арена” стадионида “Сурхон” – “Навбаҳор” клублари ўртасида учрашув ўтказилади. Мазкур ўйиндан сўнг Суперлиганинг 6-турига якун ясалади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА