ОКМК: молибден ишлаб чиқариш ҳажми ошади
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Мис эритиш заводи таркибидаги Ноёб металлар ишлаб чиқариш цехи кенгайтирилмоқда.
Ушбу цехда асосан таркибида миқдори 25 фоиздан кам бўлмаган молибден куйиндиси ҳамда таркибида 69,3 фоиз кам бўлмаган рений бўлган перранат аммоний олинади.

Айни кунларда ушбу цехдаги мавжуд 4 та печга қўшимча яна 2 та печ қурилмоқда. Бу печларни март ойида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Ушбу печлар комбинатнинг ўзида ишлаб чиқарилган ва ишлаб чиқариш қуввати чет элникига нисбатан 30 фоизга юқори. Печларни ўрнатиш ишлари ҳам комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ишчилари томонидан амалга оширилмоқда.
Янги қурилаётган 3-Мис бойитиш фабрикасидан келадиган ярим тайёр маҳсулотлар ҳам ушбу цехда қайта ишланади.

Бундан ташқари, цехнинг ярим тайёр маҳсулотларни сақлаш омбори ҳам кенгайтирилмоқда. Молибден куйиндисини комбинатнинг ўзида чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилган, перранат аммоний эса тўлиқ экспортга жўнатилади. Молибдендан металларни легирлашда, қаттиқ қотишмали технологик ускуналар тайёрлашда фойдаланилади.
Перранат аммонийдан эса ҳарбий мақсадларда ракеталарга, радиотехникада ҳамда катализаторларга фойдаланилади. Ҳозирги кунда цехда йилига 750 тонна молибден куйиндиси олинаётган бўлса янги печларнинг ишга туширилиши ҳисобига бу кўрсаткич 1200 тоннага етказилади.

ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА