ОКМК: меҳнатидан шараф топганлар
Мамлакатимизда апрель ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан жорий йилнинг 7-апрель куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг геология соҳаси вакилларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган ОКМК бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари С.Шерматов геологларнинг комбинат ишлаб чиқариш занжирида муҳим аҳамият касб этишини, сўнгги йилларда соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор боис геология соҳаси ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, айнан геологларнинг бой иш тажрибаси ва билимлари билан мамлакатимиз иқтисодий қудратига ҳисса қўшадиган янгидан-янги истиқболли конлар очилаётгани айтилиб, соҳа вакилларига самимий тилаклар билдирилди. Сана муносабати билан ОКМК бошқарув раиси А.Хурсановнинг буйруғига кўра, 14 нафар соҳа вакилларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.


Беш нафар комбинат геология соҳаси вакилларига эса Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон ва геология вазирлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, тадбир давомида “Энг яхши геология хизмати ходимлари – 2025” касб маҳорати танловида совринли ўринларни эгаллаган 27 нафар геологлар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирланди.


Бугунги кунда Ресурслар ва тоғ-кон ишлари департаментининг геология бўлими, Қалмоққир, Чодак кон бошқармаси, Ёшлик-1 кони, Ангрен, Хондиза кон бошқармаси, Ковулди кони, Шахта қурилиш бошқармаси, Оҳак заводи каби таркибий корхоналарда геологлар ўз хизмат фаолиятини олиб бормоқда.
А.Мусаев, ЎзА