ОКМК: маҳаллийлаштириш дастури давом этмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ўтган 2024 йилда маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси самарали бажарилди. 268 та лойиҳа бўйича 1 триллион 567 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Белгиланган режа 103 фоизга бажарилди.
Ўтган йили 2023 йилга нисбатан ўсиш суръати 3,6 баробарни ташкил этган. Импорт ўрнини босиш самарадорлиги 121,5 миллион доллар бўлган.

Дастур асосида ишлаб чиқарилаётган техник рух сульфати, палладий, рух оксиди каби маҳсулотларнинг экспорти 3,2 миллион долларни ташкил этган. Яна бир эътиборга молик жиҳат янги лойиҳалар бўйича 1 триллион 265,2 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Маҳаллийлаштириш дастурига кўра, комбинат таркибий бўлинмаларида тегирмон, экскаваторлар ва гидроциклонлар учун эҳтиёт қисмлар, мисдан электр ўтказгичлар, сферали шарли таянчлар, шамот ғиштлари, пўлат фрезалар ва сверлолар, токарлик кесгичлар, металлоконструкциялар, портловчи моддалар, конвейер роликлари каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Саноат кооперацияси орқали 2024 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 1 триллион 376,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилиниб, ушбу йўналишда режа 102 фоизга бажарилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан пўлат шарлар, аммиакли селитра эритмаси, бутилланган ксантогенат, мойли фаза каби импорт маҳсулотларнинг хариди амалга оширилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 5,7 миллион долларни ташкил этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
ОКМК томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар шатакка олиш тизими бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Тизим асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан комбинат томонидан аввал импорт қилинган 6,6 миллион долларлик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2025 йилда ҳам ОКМКда маҳаллийлаштириш дастури бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш давом этмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати