ОКМК: барчаси инсон қадри учун
“Олмалиқ КМК” АЖ раҳбарияти ташаббуси билан Наманган вилояти Чодак қишлоғида “Инсон қадри учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Сўлим “Чодак” қишлоғининг “Орзу” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирда 40 нафардан зиёд Чодак кон бошқармаси ишчи-ходимлари фидойи меҳнатлари учун фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбирда таклиф этилган оқила аёллар ҳамда “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи бир гуруҳ хотин-қизлар ОКМК раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Бу хайрли ташаббус, эътибор ва ғамхўрликдан қишлоқ аҳолиси, айниқса аёллар жуда мамнун бўлишди. Оқила аёллар номидан сўзга чиққан Зуҳаё Ҳайдарова Чодак аҳолисини бундай самимий дийдорлашув беҳад қувонтирганини, юртимизда инсон қадри учун олиб борилаётган ислоҳотлардан одамлар миннатдор эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда “Қаҳқаҳа” гуруҳи аъзоларининг ичакузди ҳангомалари барчага манзур бўлди. Эстрада хонандаси Ирода Оллоберганованинг шўх-шодон қўшиқлари барчани рақсга чорлади. Бундан ташқари, комбинат масъуллари билан биргаликда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова Чодак қишлоғида ОКМК ҳомийлигида ташкил этилган "Чодак-Ekvatorial" тикувчилик фабрикасида бўлишиб, аёллар учун яратилган шароит билан танишдилар. Ушбу тикувчилик цехида бугунги кунда 200 нафарга яқин чодаклик аёллар фаолият юритмоқда.

Вилоят хотин-қизлар етакчиси Д.Якубова маҳаллий аҳолига қулай шароит, янги иш ўринлари яратишга қўшаётган ҳиссаси учун ОКМК раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Дарҳақиқат, ОКМК давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда “Инсон қадри учун” шиори остида олиб борилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишда давом этади.
ОКМК Ахборот хизмати