ОИВ ва туберкулёз йўналишидаги тиббий хизматларни молиялаштириш ва стратегик харид қилиш масалалари муҳокама этилди
Тошкент шаҳрида GIZ BACKUP Health халқаро ташкилоти кўмагида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Унда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси масъул вакиллари, ОИВ ва туберкулёз касалликларига қарши курашиш йўналишида фаолият юритувчи нодавлат ҳамда жамоат ташкилотлари, шунингдек, Миллий мувофиқлаштирувчи қўмита (CCM — Country Coordinating Mechanism) экспертлари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда жорий этилаётган тиббий суғурта тизими доирасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни стратегик харид қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ОИВ ва туберкулёз касалликлари бўйича кўрсатиладиган тиббий ёрдамни молиялаштириш механизмларини тубдан такомиллаштириш, соҳага ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлаш юзасидан кенг муҳокамалар ўтказилди.
Мулоқот давомида иштирокчилар тиббий хизматларнинг ҳажми, сифати ва якуний натижадорлигини бевосита ҳудудлардаги эпидемиологик эҳтиёжлар билан уйғунлаштириш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган ушбу турдаги тиббий хизматлар учун молиявий барқарорликни таъминловчи янги ва замонавий механизмларни жорий этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув якунида билдирилган амалий таклиф ва илғор ёндашувлар келгусида ОИВ ва туберкулёз йўналишидаги тиббий хизматларни молиялаштириш жараёнини тўлиқ натижага йўналтирилган ҳамда реал эҳтиёжларга асосланган ҳолда ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
М.Қосимова, ЎзА