Оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
Юқори Чирчиқ туманида журналист ва блогерлар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури ижроси, шунингдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан ташкил этилаётган микролойиҳалар, хонадон томорқаларидан самарали фойдаланиш борасидаги амалга ошириладиган ишлар бўйича пресс-тур бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, ҳудудда ўтган йил 2 минг 357 та оилани камбағалликдан чиқаришга эришилган. Жорий йил бу борадаги саъй-ҳаракатлар қамровини янада ошириш режа қилинган.
Айниқса, “Сайхунобод” тажрибаси асосида ҳар бир маҳалладан 5 тадан жами 265 та кам даромадли хонадонларга 2 миллиард сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилиши натижасида, 295 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 43,6 миллиард сўм кредит ҳисобига 1 минг 707 та микролойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 458 та янги иш ўрни яратилди. Бу йил ҳам маҳаллаларда 2 мингта микролойиҳани амалга ошириш учун 50 миллиард сўм кредит йўналтириш кутилмоқда. Бу орқали жойларда яна 4 нафар аҳоли ишли бўлади.
[gallery-21327]
Пресс-тур иштирокчиларининг илк манзили Саксонота маҳалласида яшовчи Эржон Абдукаримов хонадони бўлди. Бу оила 4 йилдан буён “Шампиньон” навли қўзиқорин етиштириб келади.
– Бир мавсумда тўрт марта қўзиқорин йиғиб оламиз. Шуни ортидан даромадимиз ортмоқда. Дастлаб, бу ишни бошлаш ва ўрганиш учун 3 минг долларга яқин маблағ сарфладик. Йиллик даромадимиз 100 миллион сўмдан ортди. Етиштирган маҳсулотимизга доим харидор топилади, – дейди Э.Абдукаримов.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи Отабек Алижонов бир неча йилдан бери томорқасидаги 5 сотих иссиқхонада қулупнайнинг харидоргир навларини етиштириш билан шуғулланади.
– Шу кунларда қулупнай ҳосилга кирган, ҳар 5-6 кунда йиғиб оламиз, – дейди О.Алижонов. – Ички бозорда ўртача 200 минг сўмдан сотамиз. Бундан ташқари, кўчатчилик билан ҳам шуғулланамиз. Қулупнай кўчатларини кўплаб деҳқонларга ҳам тарқатамиз. Йиллик даромадимиз 50-60 миллион сўмни ташкил этади.
– Маҳаллада 3 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли яшайди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Талғат Серикбаев. – Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Қумаргул Ўринбоева хонадонида қуёнчилик фаолияти йўлга қўйилган. Бу оила имтиёзли кредит асосида қуёнчиликни йўлга қўйди. 50 бошдан ортиқ наслдор қуён боқади. Гўшти ва терисининг харидорлиги, боқишда эса катта харажат талаб этмаслиги соҳага қизиқувчиларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.