Оилавий қадриятларга оид янги китоблар тақдимоти
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтида халқаро оила куни муносабати билан нашрга тайёрланган бир қатор янги китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Янги китоблар бугунги кунда оила деб аталмиш муқаддас тушунча атрофида юзага келаётган долзарб масалалар билан боғлиқ экани аҳамиятга моликдир. Жумладан, «Янги Ўзбекистоннинг фаровон оиласи», «Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ижтимоий реабилитацияси ҳамда суитсидал хулқ профилактикаси», «Медиация – низоларни ҳал этиш усули сифатида», «Бахтлилик ўлчови», «Инсон бахти ва оилавий ҳаёт», «Оилаларда фарзандларнинг ҳис-туйғулари, хоҳиш-истаклари ва мотивацияларини тушуниш ҳамда ривожлантириш» каби китоблар кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиийдир.
Ушбу тўпламлар «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти олим ва экспертлари томонидан тайёрланган бўлиб, эндиликда бу китоблар орқали минглаб оилаларга юридик, психологик тавсиялар берилади. Улар ёш оилалар, катта ва мустақил ҳаёт остонасидаги, турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар учун ғоят муҳимдир. Китобларда ота-оналарга янги Ўзбекистоннинг янги авлодини тарбиялашнинг назарий, методик, маънавий масалалари илмий-оммабоп тарзда баён этилган. Бу эса янги авлодни Учинчи Ренессансга қадам қўяётган бугунги ўзига хос давр руҳига монанд тарбиялаш учун ижтимоий педагогик компетенциялар билан қуроллантиришга илмий-амалий шароит яратиш учун ўта муҳимдир.
Сир эмаски, ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга қарата тарқатилаётган турли хатарли ғоялар, фикрлар ота-оналардан уларнинг салбий таъсирини камайтиришни, тўғрироғи, зарарсизлантириш йўлларини талаб этмоқда. Ўсмир ёшлар ҳар куни турли зарарли ва хатарли ғоялар таъсирига дуч келаётгани бор гап. Бироқ ота-оналарнинг барчаси ҳам бундай зарарли таъсирларнинг келгусидаги маънавий зиён-заҳматини тўғри тушуниб етмайди.
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти томонидан тақдим этилаётган янги тўпламлар, рисолалар билан танишган ҳар бир ота-она ўзини, оиласини, фарзандларини ана шундай кўринмас иллатлардан ҳимоялашда зарурий таклиф ва тавсиялар ҳамда ўзига хос «йўл харитаси»га эга бўлиши, шубҳасиз. Бу тўпламлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига, жумладан, маҳалла фуқаролик йиғинлари ҳамда тегишли ташкилотларга етказилиб, уларда келтирилган асосли фикрлар, факт ва ахборотлар орқали турли муаммолар ўз вақтида бартараф этилишига эришиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, институт томонидан «Бахтиёр оила» веб-портали ва «Оила маънавияти» деб номланган электрон тезауруси ҳам ишга туширилди. Буларнинг барчаси оила деб аталмиш муқаддас қадриятларнинг асраб-авайланишига, мазкур мавзу юзасидан ёшлар фикрларининг тўғри шаклланишига муҳим ҳисса қўшади албатта.
Н.Усмонова, ЎзА