Оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўладими?
Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 31 декабрига қадар DMED ахборот тизимига бириктириш учун фуқаролар поликлиникаларга паспорт ва метиркалар билан мурожаат қилиш лозимлиги, акс ҳолда тиббий хизмат пулли асосда кўрсатилиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билдирган расмий муносабатга кўра, ушбу хабарлар мутлақо асоссиз.
“Чунки, бугунги кунда республиканинг 37,7 млн. нафар аҳолиси DMED тизимига бириктирилган бўлиб,уларнинг электрон тиббий картаси тўлиқ шакллантирилган. Шу сабабли фуқароларни тизимда қайта рўйхатдан ўтказишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (КТМП, ОП, ОШП)аҳолига тиббий-санитария ёрдами давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул кўрсатилади.
Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бундан мустасно).
Бунда оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ, тор соҳа шифокорларига, зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма беради ҳамда бемор мазкур йўлланма асосида тор соҳа шифокори томонидан кўрикдан ўтказилади ва (ёки) шифохонага ётқизилади”.
М.Қосимова тайёрлади,ЎзА