Оиласидан воз кечган она қамалди
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Музработ туман бўлими иш юритувига ноодатий алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжати келиб тушиб, ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Гап шундаки, Дилрабо Содиқова оиласидан воз кечиб, бир нафар ёлғиз фарзандини қайнонасига ташлаб ота уйига кетиб қолган.
Д.Содиқованинг қайнонаси болани ўз тарбиясига олиб, уни моддий таъминот билан таъминлашда қийналгани сабабли фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судига боланинг онасидан алимент ундириб беришини сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилган.
Мазкур суднинг 2018 йил 25 сентябрдаги алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Музработ туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, боласини моддий таъминлашдан бўйин товлаган она билан бир неча бор тушунтириш-тарғибот ишлари борилган.
Боласига алимент тўламаслигини айтган онага нисбатан Бюронинг туман бўлими ходимлари маъмурий баённома расмийлаштириб, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судига тақдим этилган.
Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида боласига алимент тўлашдан бош тортган онанинг иши атрофлича кўриб чиқилиб, Дилрабо Содиқова айбига иқрорлик билдиргани, ҳақиқатдан ҳам бир фарзандининг таъминоти учун 8 миллион сўм алимент пулларини тўламаганини тан олиб, суддан енгиллик сўради.
Суд ҳуқуқбузар Д.Содиқовага жазо тайнлашда айбини тан олиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, аёллигини, илгари маъмурий жавобгарликка тортилмаганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгилади.
Алиментчи онанинг маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиши уни алимент қарздорлигини тўлашдан озод этмайди.
Абдуқодир Тошқулов,
МИБ Музработ туман
бўлими давлат ижрочиси