Оилани асранг — зўравонликни тўхтатинг
Оила — инсон учун энг муқаддас маскан, меҳр-оқибат, ишонч ва тарбия қарор топадиган қутлуғ даргоҳдир. Жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлиги ҳам, аввало, оиладаги муҳитга боғлиқ. Шу боис бугун оилани асраш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш нафақат бир оила, балки бутун жамият учун долзарб вазифага айланмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини юксалтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни шакллантириш, муаммога дуч келган оилаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар асосида Бухоро вилоятининг Жондор тумани ҳокимлигида туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан “Оилани асранг, зўравонликни тўхтатинг” мавзусида маърифий ва профилактик давра суҳбати ташкил этилди.
Унда туман ҳокимлиги вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, маҳалла фаоллари, отинойилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш, эрта профилактика ишларини самарали ташкил этиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, зўравонликнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси эмас. Бу борада маҳалла, оила, таълим муассасалари, жамоатчилик, психологлар ва мутасадди ташкилотларнинг ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айниқса, низоли вазиятни чуқурлаштирмасдан, унинг илдизига етиб бориш, оила аъзолари билан алоҳида суҳбатлар ўтказиш, зарур ҳолларда психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак кўрсатиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида “Ҳимоя ордери”нинг мазмун-моҳияти, унинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни ҳимоя қилишдаги аҳамияти, фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатлари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Тадбирда айниқса ёш оилалар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки оилавий ҳаётнинг дастлабки босқичида юзага келадиган келишмовчиликлар ўз вақтида тўғри ҳал этилмаса, катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан ёш оилаларга психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни оилавий муносабатлар маданиятига ўргатиш, ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғусини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракати, хотин-қизлар фаоллари ва жамоатчилик вакилларининг бу борадаги масъулияти ҳам муҳокама марказида бўлди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган, нотинч ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида ёндашув асосида чора кўриш зарурлиги қайд этилди.
Суҳбат жараёнида ҳаётий мисоллар, таҳлилий маълумотлар ва амалий тажрибалар ўртага ташланди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Оиладаги ҳар қандай келишмовчиликни жанжалга айлантирмаслик, муаммони мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал этиш — соғлом муносабатларнинг муҳим шартидир. Бироқ зўравонликни “оилавий масала” дея четлаб ўтиш, уни яшириш ёки унга бефарқ қараш мутлақо мумкин эмас.
Чунки бир оғиз ҳақорат, бир марталик тазйиқ ёки эътиборсиз қолдирилган низо инсон тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу маънода, оилани асраш — фақат уни сақлаб қолиш эмас, балки ҳар бир оила аъзосининг қадри, шаъни, ҳуқуқи ва хавфсизлигини таъминлаш демакдир.

Давра суҳбатида ҳам ана шу ғоя устувор бўлди: оилада меҳр бўлса — хотиржамлик, ҳурмат бўлса — барака, ўзаро масъулият бўлса — мустаҳкам келажак бўлади.
Тадбир якунида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини, айниқса, олис ва чекка маҳаллаларда янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Зеро, тинч оила — тинч маҳалла, тинч маҳалла — фаровон жамият пойдеворидир. Оилани асраш эса ҳар биримизнинг нафақат инсоний, балки маънавий ва ижтимоий масъулиятимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири