“Оилам билан кўчат экаман”
Болалик хотираларини ёдга олганда кўпчилигимиз бобомиз, амакию тоғаларимиз билан ховлимизга кўчат эккан онларни эслаймиз. Бобом раҳматли ҳар йили баҳорда томорқамиз четлари, ариқ бўйларига турли-туман кўчатлар экарди. Ўзимизда қайсидир мева кўчати бўлмаса, қўшнилар билан алмашарди. Ва ҳар биримиз ўзимиз эккан кўчатга белги қўйиб қўярдик. Кўчатим қуриб қолмасин, деб ака-укаю опа-сингиллар астойдил парвариш қилардик.
Боболаримиздан қолган мана шундай қадриятлар бугун ҳам давом эттирилаётганини эшитиб, очиғи қувондик.

Миллий гвардиянинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳудудига 500 га яқин баланд бўйли сосна, дуб, қайрағоч, кулён, ясин каби турдаги дарахт кўчатлари экилди. Ушбу лойиҳада бошқарма ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари “Оилам билан кўчат экаман” шиори остида иштирок этишди. Унда жажжи фарзандлари билан кўчат экиб, боғ яратишга ҳисса қўшиш истагида бўлган ота-оналар иштирок этишди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ҳар бир дарахт оилаларга бириктирилган ҳолда махсус оила номлари туширилган белгилар билан экилди. Бу эса кўчатларни парваришлашда ҳар бирига масъул оила ва ходимлар борлигини билдиради. Эътиборли жиҳати, сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизими яратилди.

Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши учун бугун табиатга меҳр ва эътибор берсак, келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишимиз зарурдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”.

Нигора Раҳмонова, ЎзА