Оилада фидойи, жамиятда фаол
Фарғонада бўлиб ўтган 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тантанасида мўътабар аёлларимизга яна бир бор эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг муносиб ўрни бор. Улар барча жабҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров юртимиз аёлларини, фарғоналик хотин-қизларни байрам билан самимий муборакбод этди.
–Ҳар бир ишда дуогўй бўлиб, бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган Сиз онахонларимиз, хонадонларимиз устуни бўлиб келаётган опа-сингилларимизга ҳар қанча ҳурмат кўрсатсак ҳам оз бўлади, – дейди вилоят раҳбари. Аёллари бахтли бўлса мамлакат бахтли дейилади, бироқ муаммолар билан чирмалган хотин-қизларнинг ҳаётини енгиллаштирмас эканмиз, уларнинг турмушини қулайлаштирмас эканмиз, бахт ҳақида гапиришга ҳаққимиз йўқ. Хабарингиз бор, 2021 йилдан буён Сиз аёллар учун, оналар учун ўз ҳурмат ва эҳтиромимизни кўрсатиш мақсадида вилоятимиз бўйлаб “Оналарга эҳтиром” байрамини ўтказиб келмоқдамиз. Май ойи давомида вилоятимизнинг барча маҳаллаларида, шаҳар ва туманларида катта байрам шодиёналари ўтказилиши анъана тусига кирди. Бу йил ҳам бу байрамни кўтаринкилик билан, янада кенг кўламда ўтказилиши белгиланган.
[gallery-16283]
Фарғона вилоятида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали ўтган ўтган йилда эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 112 минг нафар хотин-қизларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Бунинг учун Республика ва вилоят маҳаллий бюджети ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 89,3 миллиард сўм маблағ сарфланди. 17 минг нафардан зиёд тадбиркорлик фаолиятини бошлаган хотин-қизларга 250 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, бандлиги таъминланди. Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истагида бўлган 24 минг нафардан ошиқ хотин-қизларга 343,1 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Қарийб 27 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. 600 нафардан зиёд опа-сингилларимизнинг уй-жой шароити яхшиланди, 1000 нафардан ошиқ эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди. Бу ишлар натижасида хонадонларга қувонч ва шодлик кираётгани, минглаб аёлларнинг руҳи кўтарилиб, ўзига бўлган, фарзандларининг келажагига бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.
Байрам тадбирида Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишида фидойилик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаол аёллар номи тилга олинди, 22 нафар хотин-қизга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тақдим этилди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол хотин-қизлар вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тантанаси вилоятнинг бадиий жамоалари ва таниқли хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, дилбар рақслар билан янада кўтаринкилик касб этди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири
М.Қодиров олган суратлар