Оила — жамият ва давлат ҳимоясида
Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари — фарзандлар камолга етади.
Андижон вилоят прокуратураси ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳам ана шу масалаларга эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Салмонов алимент ундирувларига оид суд ҳужжатлари ижроси борасида батафсил маълумотлар берди.

Жумладан, айни пайтда бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари иш юритувида жами 33 464 та алимент билан боғлиқ иш ҳужжати бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
30 100 та банк пластик картаси очилиб, ундирувчиларга бепул тарқатилганлиги, 82 млрд. сўм алимент қарздорлиги пластик карталарга ундириб берилганлиги қайд этилди.
Алимент тўловчи оилаларни яраштириш ва соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича ўтказилган учрашувлар натижасида 9 171 нафар оила яраштирилди ва 3 330 нафар қарздор ишга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, алимент қарздорлигини ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаб келаётган 94 нафар қарздорнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Маъруза қилувчилар томонидан оилавий ажримдан энг аввало, вояга етмаган гўдаклар азият чекиши, оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига, афсуски, эътибор қилмаётгани юзасидан фикрлар билдирилди.
Тадбир доирасида 50 млн. сўмга яқин алимент пули ундирилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқи тикланишига ҳамда 4 нафар оиланинг яраштирилишига эришилди.
Шуҳрат НЕЪМАТОВ, ЎзА