
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлигида хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасини рақамлаштириш ишларини такомиллаштириш, идоралараро рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган асосий вазифаларнинг ижро этилиш ҳолати таҳлил қилинди. Таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.

Идоралараро ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Рақамли технологиялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Aдлия, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари, Солиқ қўмитаси ҳамда бошқа дахлдор ташкилотларнинг ходимлари томонидан оила ва хотин-қизлар муаммолари, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш, тезкор ҳал қилишда рақамли технологияларнинг аҳамияти каби масалаларда таклифлар билдирилиб, ўзаро муҳокама қилинди. Мавжуд тизимларни такомиллаштиришга келишиб олинди.
***
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси (ФAО) вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида Бош вазир ўринбосари томонидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги истиқболли лойиҳалари ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларини, айниқса, қишлоқ жойларини ривожлантириш ва энг чекка ҳудудларда ҳам аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ишларидаги самарали фаолияти эътироф этилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини ошириш борасидаги ишларга юқори баҳо берилди.
Бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлашдаги қатор устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи аёлларга иқлимга мослашишга оид чўллашишга қарши амалий ёрдам бериш, шунингдек, аёлларни кўчатчилик, асаларичилик, “Smart Farm” яъни “Aқлли фермерлик” ва турли қишлоқ хўжалиги соҳаларида саводхонлигини оширишга оид ўқувларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Соғликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, илм-фан, таълим соҳалари ва маданий гуманитар йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, “Халқаро қишлоқ аёллар куни”га оид тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш, “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да она табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги тадбирларни ташкил қилишга аҳамият қаратилди.
Н.Усмонова,
ЎзА