Оила мустаҳкамлигига барча масъул
Андижон қилояти Хонобод шаҳрида “Биз Сиздан ўрнак оламиз!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Хонобод шаҳар ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, узоқ йиллар аҳил-иноқ ҳаёт кечириб, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган намунали оилалар вакиллари ҳамда уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда шаҳар маҳаллаларидаги намунали оилалар вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, отинойилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Айни пайтда Хонобод шаҳридаги 10 мингдан ортиқ оила таркибида 50 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни улуғлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ўзларининг “кумуш”, “олтин” тўйларини нишонлаётган, ибратли умр йўллари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган оилаларни, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш ва тарғиб этиш орқали ёш оилаларни мустаҳкамлаш, уларга оиланинг муқаддаслигини чуқурроқ англатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Узоқ йиллар аҳил, иноқ яшаб келаётган, ибратли оилаларнинг ҳаёт йўлларини ёшларга намуна сифатида кўрсатиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда 40 йилдан ортиқ бирга аҳил турмуш кечирган оилаларнинг соҳиб ва соҳибалари шарафланиб, уларга эҳтиром кўрсатилди, – дейди Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Ҳаётхон Эгамбердиева. – Умуман шаҳримизда юқоридаги каби намунали оилалар жуда кўп. Мақсадимиз улар, уларнинг бой ҳаётий тажрибалари орқали ёшларга оиланинг муқаддаслигини кўрсатиб бериш, ёш оилаларни, оила билан боғлиқ қадриятларни мустаҳкамлашдан иборат.

Фозилмон маҳалласида истиқомат қилаётган Султонбек ака ва Мадинахон аянинг оила қурганларига 43 йил бўлган. Улар бутун ҳаётлари давомида аҳил, иноқ яшашди, ҳалол-пок меҳнат қилишди. Бугун кўплар ана шу намунали оила вакилларидан ибрат олади, улар каби чиройли оила соҳиб ва соҳибалари бўлишга интилади.
– Турмуш ўртоғим Баҳодиржон Содиқов билан оила қурганимизга бу йил 46 йил бўлди, – дейди Мустақиллиқ маҳалласида яшовчи Махпиратхон ая Ҳасанова. – Турмуш ўртоғим “Капирровот” сув омборида ишлаб нафақага чиққан. Мен эса болалар боғчасида узоқ йил тарбиячи бўлиб ишладим. Аллоҳга шукр, аҳил, иноқликда яшаб, беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, уйли-жойли қилдик. Тинч, дориломон бугунги кунларга етганимиз учун яратганга шукроналар келтираман. Юртимиз тинчлигига, фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Тадбирда бир гуруҳ намунали оилалар вакиллари, шунингдек, оилалар билан ишлашда ижобий натижаларга эришаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари хотин-қизлар фаоллари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА