Оила – ҳаёт, бурч ва масъулият
Ғарб олимлари тан олган, кўриб лол қолган, тарбияда тенгсиз мактаб эканини эътироф этган салтанат, бу – ўзбек оиласи.
15 май – Халқаро оила куни
Ғарб олимлари тан олган, кўриб лол қолган, тарбияда тенгсиз мактаб эканини эътироф этган салтанат, бу – ўзбек оиласи. У жамиятнинг ҳаёт ўзаги. Унда келажак туғилади, улғаяди, умр кечиради.
Бу мураккаб жараёнда ҳар бир оила аъзосининг ўзига хос ўрни бор ва маълум қоидаларга, анъаналарга амал қилинади. Меъёр бузилишлари кўнгилсиз оқибатларга олиб келмаслиги учун ҳам мамлакатимизда давлат ва жамоат ташкилотлари шу йўналишда фаолият олиб боради.
Аввало, шуни таъкидлаш зарурки, бу кўпқиррали, катта меҳнат, жиддий ёндошувни талаб қиладиган жараён. Тинч, осуда, фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмайди. Унинг барқарорлигини таъминлаш аслида осонгина ҳал этиладиган масала эмас. Шу боисдан ҳам оилага мамлакатимизнинг ички сиёсатидаги муҳим бўғин сифатида қаралади. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида асосий ўринга эга. Оилавий муносабатлар айнан шунинг таъсирида мустаҳкамланиб, такомиллашиб боради. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ва мос қарашлари мавжуд.
Бугунги кунда вилоятимизда 512 минг 21 та оила мавжуд. Улар орасида нотинчлари, ночорлари, никоҳи бузилганлари, ногирон фарзанди борлари, боқувчисини йўқотганлари учрайди. Фаолиятда энг аввало ана шу жиҳатларни эътиборга олиш керак. Бундай оилалар билан алоҳида иш олиб боряпмиз. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш олдимиздаги долзарб вазифалардан саналади. Айниқса, нотинч оилалар билан алоҳида суҳбатда бўлиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, кўзга ташланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Тегишли ташкилотлар ҳам бу борада жалб этиб борилади. Оилалардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатга ўз вақтида жавоб қайтариб, уларни ижобий ҳал этиш чораларини кўришга ҳаракат қиламиз. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди.
Соғлом оила қуриш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, турмуш тарзини тўғри ташкил этиш борасида маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари кенг йўлга қўйилган. Аҳоли билан очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказиб келяпмиз. Замонавий оилани таркиб топтириш, ундаги ички муносабатларни тўғри изга солиш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.
Қуда-анда, қайнона-келин, эр-хотин… Айнан шу мавзу ҳаёлимизни салбий фикрлар билан банд этиб бўлган. Афсуски, аслида ҳам шундай. Ушбу муносабатларда тўла муваффақиятга эришиш истаги оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Биз ана шу ҳолатга қарши курашни аниқланган вақтдан бошласак бирор натижага эришишимиз қийин бўлади. Одоб-ахлоқ, меҳр-муҳаббат, оқибат устунлиги оилада тотувликни таъминлашнинг энг биринчи зарурати.
Инсон ҳуқуқлари, юксак маънавият, ватанпарварлик каби тушунчалар бугунги даврнинг муҳим хусусиятларини ифодалайди. Уларнинг ёнига жасорат, журъат, садоқат сўзларини, ўзини бағишлаш иборасини ҳам қўшиб қўйишимиз лозим. Улар ижтимоий ҳаётда қадим-қадимдан муҳим ва ҳал қилувчи ўринни эгаллаб келганини унутмайлик. Ҳаётимизни эзгу ғояларга бўйсундирганимиз сари у янада гўзал, жозибали, бенуқсон бўлиб боради. Оила гуллаб-яшнайди. У жамиятнинг шунчаки тинчлик-тотувлик ҳукм сураётган бўғини бўлибгина қолмай, инсониятни улуғворликка, юксакликка элтадиган манбага айланади.
Тан олиш керак, ҳар бир оиланинг моддий, маънавий эҳтиёжлари бор. Муаммо ва низолар қарама-қаршиликдан келиб чиқади. Хўш, ечим қандай? Биз нима қилсак тинч-тотув яшаймиз. Бунинг сири ҳамжиҳатлик ва оғизбирчиликда. Кам-кўстни бартараф этишда отанинг елкасига кўпроқ юк тушади, тарбия масъулияти эса онанинг зиммасида. Оиладаги бош бурч ва мажбурият юқоридаги фикримизда ифодаланган. Муқаддас китобларда ҳам шундай битикларга дуч келамиз. Уларда жуда кўп тушунчалар қамраб олинади. Унутиб юбораётган урф-одат ва анъаналаримизни фаровон умр кечириш сирларининг калити десам, янглишмаган бўламан. Биз эса ўз фаолиятимиз билан ҳар бир инсон қўлига ана шу калитни тутқазишга даъват этилганмиз.
Гулсара Қурбанбаева,
Хоразм вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.