Оҳангаронда янги завод иш бошлади
Оҳангарон тумани “Қизилой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод иш бошлади.
Тантанали тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев, туман ҳокимлиги масъуллари, соҳа мутахассислари ва ҳудуд фаоллари қатнашди.

Таъкидланганидек, охирги пайтларда Оҳангаронда амалга оширилаётган янги саноат лойиҳаларига хорижлик инвесторларнинг қизиқиши катта бўлмоқда. Хитойлик тадбиркорлар бу борада алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Тадбирда Зоир Мирзаевнинг хитойлик ҳамкорларга йўллаган ташаккурнома ва табригини ўқиб эшиттирилди.

Мазкур лойиҳа учун 34,2 гектар, махсус карьер учун эса 183,3 гектар ер майдони ажратилган. Унинг умумий қиймати 320 миллион долларга тенг. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга мўлжалланган. Кунига 6 минг 300 тонна клинкер цемент ишлаб чиқарилади. Айни пайтда 300 та янги иш ўрни яратилди.

Хорижий ҳамкор Хитой давлатининг «Аnhui Conch Group Co.Ltd” компанияси ҳисобланиб, бутун дунё бўйлаб 500 дан ортиқ шўъба корхоналари мавжуд. Тадбир иштирокчилари корхона фаолияти билан танишди ва ишчилар билан суҳбатлашди.
А.Мусаев, ЎзА.