Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Оҳангарон тумани “Убайд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Чарм маҳсулотларига ихтисослашган саноат зонасида тадбиркорлар, лойиҳа ташаббускорлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан мулоқот ўтказди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ерда дастлабки босқичда 15,7 гектар майдонда Чарм кластери ташкил қилиш кўзда тутилган. Яқинда Президентимиз қўллаб-қувватлови билан яна қўшимча 20 гектар ер ажратилди. Саноат зонасида тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида коммуникация, тозалаш иншоотларининг лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Мулоқотда саноат зонасида фаолият бошлайдиган корхоналарда ишлаб чиқаришни замон талаблари асосида ташкил этиш, ердан мақсадли фойдаланиш, сифатли йўл-транспорт, коммуникация тармоқларини шакллантириш борасидаги ташкилий ишлар муҳокама қилинди. Алоқадор мутасаддилар ва тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Шу билан бирга, ўтказилган тақдимотларда режалаштирилган лойиҳаларнинг жойлашуви, кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.

– Президентимиз жуда катта ишонч билдириб, чарм саноатига ихтисослашган лойиҳалар рўёби учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берди, биздан фақат уларни ўз вақтида, сифатли рўёбга чиқариш талаб этилади. Бу саноат зонасида барча лойиҳаларни шахсан ўзим назорат қиламан. Бу ерда кўпроқ тайёр маҳсулот яратишга эътибор қаратамиз. Керак бўлса, чарм маҳсулотлари бўйича жаҳоннинг энг машҳур брендларини олиб келамиз, – дейди вилоят раҳбари З.Мирзаев.

Мулоқот давомида Республика ишчи гуруҳининг Оҳангарон туманига бириктирилган вакили Эркин Ўролов ҳам қатнашди ва олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, ҳозир вилоятда 56 та кичик ва 15 та ёшлар саноат зоналари ташкил этилган. 1,96 триллион сўмлик 202 та лойиҳа ишга туширилиб, 83,2 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган ҳамда 6,9 минг нафар янги иш ўринлари яратилган.

Эндиликда қиймати 1,9 триллион сўмлик 135 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Саноат зоналарда ўтган 8 ой давомида 4,8 триллион сўмлик (139 фоиз ўсиш) маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ҳамда 23 та давлатга 39 та корхона томонидан 113,6 миллион долларлик (178 фоиз ўсиш) маҳсулотлар экспорт қилинди.
А.Мусаев, ЎзА.