Оҳангарон туманида отчопар мажмуаси қурилмоқда
Тошкент вилоятида йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида от спортини оммалаштириш мақсадида Оҳангарон тумани «Шодмалик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида отчопар мажмуаси (ипподром) қурилиши бошланди.
“Ohangaron bogʼI jannat” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган мажмуа лойиҳасининг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этади. Мажмуа учун 62,1 гектар ер майдони ажратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур мажмуа ичида от югуриш йўлакчалари, томошабинлар учун трибуна, 3 та 5 қаватли меҳмонхона, 1 та 3 қаватли ресторан, 4 та 2 қаватли ётоқхона, 2 та 2 қаватли ошхона, ресторан, ветеринария пункти, 2 та фонтан ва 28 та отхона қад кўтаради.

Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур қарор ижроси доирасида от спортини аҳоли ўртасида оммавий спорт турига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизими йўлга қўйилмоқда.
Ҳозир вилоятда йилқичилик йўналишида фаолият юритаётган 14 та хўжалик томонидан 1 минг 315 бош от боқилмоқда. Биргина «Ўзбегим отлари» от заводи қадимий от зотлари, жумладан, Ахалтекин тулпорларини кўпайтириш ва парваришлашга ихтисослашган. Ҳозир бу ерда инглиз ва араб зотли отлар ҳам парваришланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА