Оҳангарон туманида чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда
Оҳангарон тумани географик жойлашуви ва иқлими нуқтаи назардан қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачиликни ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади.
Айнан мана шу жиҳатлар инобатга олиниб, Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида"ги 890-сонли қарори қабул қилинган эди.
Чорвачилик ривожланган ушбу ҳудудда мол бозорига эҳтиёж бор эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур масала ҳам ижобий ечим топмоқда.
«Эйвалек» МФЙ ҳудудида янги типдаги, замонавий чорвачилик мажмуаси қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур иншоот учун туман захира ерларидан 5 гектар майдон ажратилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, лойиҳа ишга тушгач, 120 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Яқин кунларда иш бошлайдиган ушбу мажмуада бир неча объектларнинг қурилиши режалаштирилган. Бу ерда қорамол, қўй-эчки, от ва паррандалар олди-сотдиси учун алоҳида жойлар (павильон) ташкил этилади. Мажмуада ошхона, дўконлар, кушхона, автотураргоҳ ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилади. Республикамизнинг олис ҳудудларидан келган меҳмонлар учун эса замонавий меҳмонхона фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, мажмуада банк ва нотариус хизматлари йўлга қўйилади. Шунингдек, замонавий музлатгичлар жойлаштирилади.
Мажмуанинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, бу мажмуа одатдаги мол бозорларидан фарқли ўлароқ, ҳафтада бир марта эмас балки доимий фаолият кўрсатади. Аҳоли ҳафтанинг исталган кунида келиб, ушбу мажмуадан мол харид қилиш имконига эга бўлади.
Чорвадорларимиз ва аҳоли билан бўлган мулоқотлар давомида улар томонидан чет элдан наслли чорва моллари олиб келишда бир қатор қийинчиликлар юзага келаётганлиги тўғрисида фикрлар билдирилаётган эди. Айнан мана шу масала ҳам эътиборга олиниб, янги қурилаётган чорвачилик мажмуасида аҳоли учун хориждан келтирилган зотдор чорва моллари савдоси ҳам йўлга қўйиладиган бўлди. Бу эса аҳоли ҳамда чорвадорларимизни ортиқча харажат ва тўсиқлардан халос этиши тайин.
Бугунги кунда янги мажмуа учун ажратилган ерда қурувчилар томонидан дастлабки қурилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, мажмуа 2021 йилда тўлиқ қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати