“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...”
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, атоқли шоир, ёзувчи Ҳамид Ғулом юртимиз истиқлолга эришган фараҳли кунлар истиқлол фарзандлари – ёшларга қарата ички бир “ўкинч”, “армон” билан “Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...” дея ёзган эди.
Ҳамид Ғулом ижоди, меҳнат фаолияти билан халқимиз маънавий ҳаёти юксалишида ўз улушини қўша олган адиблар сирасига киради.
У 1919 йилнинг 25 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган. 1958 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, кейинроқ Ғафур Ғулом нашриётининг директори лавозимларида фаолият олиб борган.
Адибнинг ўнлаб шеърий, насрий асарлари – романлари ўқувчилар қалбидан жой олган.
Пушкиннинг “Боқчасарой фонтани” ва “Тош меҳмон”, Вильям Шекспирнинг “Ўн икки меҳмон”, Лопе де Веганинг “Қўй чашмаси” каби асарлари Ҳамид Ғулом томонидан ўзбек тилига ағдарилган.
Адиб 2005 йилнинг 21 августида Тошкент шаҳрида вафот этган.
ДАВРОН
Ёшликдагидай соз уравер, юрак,
Мен ҳали кўп йиллар яшашим керак.
Сабабки, чин даврон энди бошланди,
Халқимга шараф-шон энди бошланди.
Эзгу мақсадим: эл камолин кўрай,
Юртимнинг беқиёс жамолин кўрай.
Ўн икки йил, фақат, Истиқлол тонги,
Мангуликка туташ бахт-иқбол тонги.
Белни маҳкам боғлаб, ким шимарса енг,
Унга саодат ёр, унга олам кенг.
Кимки, Ўзбекистон деса – тилда бол,
Кўксини тоғ қадар кўтарар иқбол.
Минг фазилат берган Аллоҳ инсонга,
Ҳам оддий фуқаро ва ҳам Султонга.
Шу минг фазилатнинг тожи Вафодир,
Халқим, сен улуғсан, сен бунга қодир.
Садоқат – бошингда нурли қуёшинг,
Мудом ҳикмат бўлган дилда йўлдошинг.
Аллоҳ умр берсин ҳар бир одамга,
Ҳар бир одам келгач, нурли оламга.
Ишқ, вафо умрбод йўлдоши бўлсин,
Эрк – бошида нурли қуёши бўлсин.
Эрк ғояси бўлган халқ фарзандиман,
Навоийси бўлган халқ фарзандиман.
Халқ улуғ, халқ жўшқин дарёи азим,
Халқ шонли дарғага қилади таъзим.
Алқисса, мақсадим: умр кўрайин,
Алодим сафида мен ҳам юрайин.
Сабабки чин даврон энди бошланди,
Халқимга шараф-шон энди бошланди.
1991
ЎзА