Огоҳлик – ҳар бир инсоннинг масъулияти
Баъзан биргина бепарволик инсон тақдирини ўзгартириши, нотўғри қарор эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, одам савдоси, оилавий низолар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби хавфлардан аҳолини, хусусан, ёшларни огоҳлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Ана шундай долзарб масалаларни ҳаётий воқеалар асосида ёритиш, одамларни ҳушёрликка ва масъулиятли бўлишга чақириш мақсадида Тошкент вилояти ҳудудларида “Огоҳ бўлинг, одамлар” номли театр намойиши ўтказилмоқда.
Навбатдаги саҳна асари Олмалиқ шаҳрида “Аёл қадри — миллат қадри” мавзусидаги ижодий учрашув доирасида намойиш этилди. Унда оила-турмуш муносабатларида юзага келаётган низолар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноят содир этилишига олиб келувчи омилларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, одам савдосининг хавфли оқибатларидан аҳолини, айниқса, ёшларни огоҳлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросига асосан ташкил этилган тадбирни Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н.Нормирзаева ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси С.Файзиева очиб берди.
Учрашувда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов иштирок этиб, саҳна асарида кўтарилган масалаларнинг долзарблиги, ёшларни турли хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга чақириш муҳимлиги ҳақида фикр билдирди.

Спектаклда одам савдосининг аянчли оқибатлари, жиноятчиликка олиб келувчи ижтимоий омиллар ҳаётий воқеалар асосида ёритилди. Томоша орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ҳушёрликка, ҳуқуқий билим ва шахсий масъулиятни оширишга даъват этилди.

Бундай саҳна асарлари орқали долзарб ижтимоий масалаларнинг ҳаётий мисоллар асосида ёритилиши аҳоли ўртасида огоҳлик ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА