Оғир атлетика: Ўзбекистон кубогига тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди
Жорий йилнинг 8-13 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида мамлакатимизнинг энг маҳоратли оғир атлетикачилари Ўзбекистон кубоги учун кечадиган баҳсларда иштирок этади.
Айни кунларда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан мамлакат кубоги мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш борасида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Куни кеча спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказиладиган спорт мажмуасида бўлиб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида залнинг замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлангани, машғулотлар учун яратилган қулайликлар ҳамда спортчиларнинг сифатли баҳсларда сифатли қатнашиши учун яратиладиган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Мамлакат кубогида халқаро мусобақаларда, чемпионатларда юқори натижаларни қайд этиб келаётган спортчилар билан бирга бир гуруҳ ёш талантлар қатнашишини инобатга олиб, қуръа ташлаш тадбирларида, техник комиссия йиғилишларида шу жиҳатларга эътиборли бўлиш лозимлиги айтилди.
Мураббий ва мутахассислар билан Ўзбекистон кубоги дастурини муҳокама қилиш жараёнида мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш, ҳакамлар, спортчилар учун барча зарур шароитларни таъминлаш ва тайёргарлик жараёнларини сифатли ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА