Оғир атлетика: Осиё чемпионатининг олтинчи кунги баҳсларида ҳамюртларимиз 18 та медални қўлга киритди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган олтинчи кунги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 7 та олтин, 6 та кумуш, 5 та бронза медалига сазовор бўлди.
Қитъанинг энг маҳоратли ёш оғир атлетикачилари қатнашаётган чемпионатнинг -85 кг. вазн тоифасидаги баҳсларида ҳамюртларимиз Отабек Каримов ва Азизбек Қутбиддиновнинг совринли ўринларни эгаллагани юртимизда янги чемпионлар авлоди камол топаётганини кўрсатди.
Маҳоратли ўсмир оғир атлетикачимиз Отабек Каримов даст кўтаришда 148 кг. натижа қайд этиб, олтин медални, Азизбек Қутбиддинов 141 кг. натижа билан бронза медални қўлга киритди.

Силтаб кўтариш баҳсларида Азизбек Қутбиддинов 178 кг. тошни бўйсундириб, кумуш, Отабек Каримов 169 кг. натижа билан бронза медалга эгалик қилди.
Икки кураш якунларига кўра, 319 кг. кўрсаткич билан Азизбек Қутбиддинов кумуш, Отабек Каримов эса 317 кг. натижа ҳисобига бронза медаль соҳибига айланди.
Ёшлар ўртасидаги баҳсларда Ҳикматилло Ҳайдаров даст кўтаришда 161 кг, силтаб кўтаришда 196 кг, икки кураш якунида 357 кг. натижа қайд этиб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Бугун, 13 август куни эрталабки дастурда -77 кг. вазн тоифасида баҳс олиб борган Дилнура Холдорова 98 ҳамда 101 кг. оғирликдаги тошларни муваффақиятли кўтариб бронза, Дилноза Файзуллаева 100 кг. натижа қайд этиб, даст кўтариш баҳсларида бронза медални терма жамоамиз ҳиссасига қўшиб қўйди.
Бугун кун давомидаги мусобақаларда йигитлар -95 ва +95 килода, қизлар +77 килограммдаги баҳсларда супачага кўтарилади.

Чемпионат баҳсларида ҳамюртларимиздан Бекзод Ғофиржонов, Муҳаммадшокир Турдалиев, Алишер Османов, Элбек Идиев, Ҳулкар Рўзиқулова совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, 30 дан зиёд мамлакатларнинг оғир атлетикачилари қатнашаётган қитъа чемпионатининг эртага, 14 август куни ўтадиган сўнгги кунги мусобақаларида йигитлар -110, +110, қизлар -86, +86 кило оғирликда мусобақалашади.
Т.Рўзиев, ЎзА