Оғир атлетика: Чирчиқда шиддатли баҳсларга гувоҳ бўламиз
Спорт мусобақалари шиддатли беллашувлари билан ажралиб туради. Айниқса, оғир атлетика бўйича ўтказиладиган мусобақаларда полвонларнинг тошлар сонига янги тошлар оғирлигини қўшиш орқали рақибини янги-янги марраларни забт этишга чорлаши баҳсларнинг муросасизлигини, ишқибозлар қизиқишини оширади.
Жорий йилнинг 12-17 сентябрь кунлари Чирчиқда ўтадиган йилнинг энг муҳим оғир атлетика мусобақаларидан бири бўлган Ўзбекистон кубоги айни кўринишда ўтиши шубҳасиз.
Боиси, бу галги кубок учун курашлар нафақат жамоалар ўртасида, балки дунё оғир атлетикасига ўзбек спорти муҳрини босган Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев, Достон Ёқубов, Адҳамжон Эргашев, Турсуной Жабборова каби чемпионлар қатори ўнлаб ёш ва истеъдодли оғир атлетикачилар ўртасида кечади. Шу жиҳатдан ҳам ушбу мусобақага қизиқиш юртимиздагина эмас, яқин хориж мамлакатларида ҳам юқори.
Ўзбекистон кубогининг яна бир аҳамиятли томони терма жамоа мураббийлари жорий йилнинг 6-16 октябрь кунлари Баҳрайн давлатида ўтадиган Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган кучли спортчилар таркибини аниқлайди.
Кубок мусобақаларини ўтказиш ташкилий қўмитасига келиб тушган талабномаларга биноан ҳозирча унда мамлакатимиз ҳудудларидан 250 нафар спортчи қатнашиш истагини билдирган. Уларнинг 104 нафари хотин-қизлар бўлса, 146 нафарини ўғил болалар ташкил этмоқда.
Чемпионат дастурига мувофиқ, 12 сентябрь куни мусобақа ҳакамлари учун семинар ҳамда иштирокчи жамоа вакилларига мандат комиссиясининг йиғилиши ташкил этилади. 13 сентябрь куни Ўзбекистон кубогининг расмий очилиш маросими ҳамда кубок баҳсларига старт берилади.
Номдор спортчиларимиз – Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев мусобақаларга 16 сентябрдан киришади. Достон Ёқубов ва Адҳамжон Эргашев эса 14 сентябрь куни медаллар учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Акбар Жўраев +109 килограмм оғирликда супачага кўтарилса, Руслан Нурудинов 109 кило оғирликда кубок учун “жанг” олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА