
Шу кунларда Хитойнинг Жиангшан шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли мусобақада қитъанинг 30 га яқин давлатидан энг кучли полвонлар иштирок этмоқда. Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар вакили мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Бугун, 10 май санасида -67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда юртимиз номидан Ҳўсинбой Матрасулов совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Жиангшандаги беллашувларда тажрибали спортчиларимиз — Акбар Жўраев, Шарофиддин Амриддинов, Турсуной Жабборова ва Ригина Адашбаева билан бирга бир қатор ёш атлетларимиз ҳам илк бор катталар ўртасидаги бу йирик мусобақада ўз имкониятларини синаб кўради. Ушбу чемпионат "кичик жаҳон чемпионати" дея эътироф этилиши бежиз эмас.

Мусобақа доирасида Осиё Оғир атлетика федерациясининг (АWF) навбатдаги конгресси ҳам бўлиб ўтди. Унда 2026-йилги ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш учун Ўзбекистон энг кўп овоз тўплаб, даъвогар давлатлар орасида пешқадам бўлди.

Конгрессда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шахрилло Маҳмудов ва АWF ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этиб, 40 га яқин мамлакат вакилларига мамлакатимизда спорт, хусусан оғир атлетиканинг ривожланиши, ушбу йўналишда иқтидорли спортчиларни тайёрлаш тизими ҳақида маълумот беришди.
Мусобақанинг дастлабки кунларида аёллар ўртасида 45 ва 49 килограмм, эркаклар ўртасида эса 55 килограмм вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтди.
Осиё чемпионати 15 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА