Оғир аҳволдаги 5 ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди – йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, юртимиз шифокорлари томонидан ноёб ва ўта мураккаб операция амалга оширилиб, оғир аҳволдаги 5 ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Маълум қилинишича, Умаржон Абдураззоқов ўтган йили тасодифан каустик сода ишқорини истеъмол қилиб юборган. Оқибатда болада қизилўнгачнинг чандиқли торайиши юзага келиб, вақт ўтиши билан у мутлақо овқатлана олмайдиган ҳолатга тушиб қолган.
Шундан сўнг бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Дастлаб унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ошқозонига махсус найча ўрнатилиб, муаммо вақтинчалик бартараф этилган. Кейинчалик эса мураккаб жарроҳлик амалиёти зарурлиги боланинг яқинларига тушунтирилган.
Бироқ ота-она фарзандини хорижда даволатишга қарор қилган. Чет эл клиникасида ўтказилган операциядан кейин эса беморнинг аҳволи янада оғирлашган.
Қайтадан юртимизга олиб келинган бола текширувдан ўтказилганда, хориждаги амалиёт вақтида қизилўнгач ошқозон ҳисобидан қайта шакллантирилиб, ошқозон юқорига кўтарилган ҳолда қизилўнгач қолдиғига улангани аниқланган. Бу эса “янги” трансплантантнинг юракка босим ўтказишига ва уни сиқиб қўйишига олиб келган.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқилов бошчилигидаги мутахассислар жамоаси томонидан ўтказилган жарроҳлик амалиёти қарийб 5 соат давом этган. Юртимизда илк бор амалга оширилган ушбу мураккаб операция давомида ошқозон қайта жойлаштирилиб, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилган.
Ҳозирги вақтда боланинг аҳволи яхши бўлиб, яқин кунларда у оиласи бағрига қайтиши кутилмоқда, дейилади хабарда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА