ОФК делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон футбол ассоциациясида 16 сентябрь куни Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон футбол ассоциациясида 16 сентябрь куни Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Нуфузли меҳмон дастлаб ЎФА олдидаги майдонда ўзбекистонлик ёш футболчилар билан учрашиб, уларга футбол тўплари совға қилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти А.Азизов Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифага Осиё футболини ривожлантириш йўлидаги муваффақиятли фаолияти учун миннатдорлик билдирди.
Ҳозирги кунда ОФК дунёдаги энг салмоқли спорт ташкилотларидан бирига айланган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг футболни ривожлантиришга доир лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Юртимиз Осиё футболидаги йирик мусобақаларни қабул қилиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган. Жумладан, 2020 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2022 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги мезбонлигига ўз номзодини қўйган.
ОФК президенти Ўзбекистонни ташкилотнинг энг ишончли ҳамкорларидан бири деб билишини таъкидлади. Ёшлар ўртасида қитъа биринчилиги ва аёллар ўртасида Осиё кубоги бўйича тез фурсат ичида ОФК делегацияси юборилишини, шунингдек, ташкилотда Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш нияти борлигини қайд этди.
ЎФА терма жамоалар учун база бўлиши мўлжалланаётган футбол маркази лойиҳасини режалаштирмоқда. Учрашувда ОФК раҳбарига ушбу лойиҳа намойиш этилди. Шайх Салмон лойиҳага юқори баҳо бериб, ФИФАнинг футболни ривожлантириш қўмитаси масъулларидан бири сифатида дунё футболидаги бош ташкилотни лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақиришини айтиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликка доир кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилди. Юртимиз ва қитъа футболи истиқболига қаратилган келишувларга эришилди.