“Офарин болажонлар” болажонлар ихтиёрида
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Шаҳрихон туманидаги Бешмаҳалла маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи болажонлар учун қўшалоқ байрам бўлди.
Шу куни маҳаллада тадбиркор Худойберди Қодиров томонидан барпо этилган “Офарин болажонлар” номли янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Туман ҳокими Ҳ.Дадахонов, сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида янги боғча очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда сўз олганлар байрам билан иштирокчиларни, болажонларни муборакбод этди, туманда болаларни мактабгача таълим ташкилотига қамраб олиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
[gallery-7414]
Замонавий қиёфага эга, 100 ўринли давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган мазкур муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа, спорт, тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
– Айни кунда Шаҳрихон туманида 156 та, шундан 56 та давлат, 14 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ва 86 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Шаҳрихон тумани мактабгача таълим бўлими раҳбари Манзура Мамажонова. – Умуман, Шаҳрихон туманида айни кунга қадар болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 68 фоизга етказилган. Жорий йил давомида туманда яна бир нечта болалар тарбия масканларининг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Тадбир доирасида мазкур маҳаллада яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 2 нафар фарзандига суннат тўйи ҳам ўтказилди. Тўй болаларга туман ҳокимлиги, саховатпеша тадбиркорлар томонидан совғалар улашилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА