Одам савдоси – ноинсоний, ноқонуний савдо
Бухорода “Одам савдосига қарши курашишда миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, “Winrock International” нинг Ўзбекистондаги филиали, АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва халқаро гиёҳвандликка қарши кураш бўйича Бюросининг (INL) молиявий кўмагида ташкил этилди.
Тадбир миллий ва халқаро миқиёсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш орқали одам савдосига қарши курашиш, жиноятни фош этиш ва барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Анжуманда одам савдосига қарши курашиш соҳасида миллий ва халқаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш, одам савдосидан жабрланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, ижтимоий шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-4837]
Конференцияда халқаро ва миллий экспертлар одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фош этишда ижобий таъсир кўрсатадиган ва янада самарали курашишга ёрдам берадиган инновацион ёндашувлар, муваффақиятли амалиётлар ва тажрибаларни намойиш этди. Шунингдек, миллий даражада давлат ҳудуди ичида ва халқаро даражада белгиланган мамлакатлардаги ўзаро ижтимоий ҳамкорликнинг энг самарали усулларига, жиноятга қарши курашиш учун идоралараро ва давлатлараро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Одам савдоси – оғир жиноят. Бундай жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш жараёни жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг реабилитация ва реинтеграцияси, қайтадан одам савдосидан жабрланиши олдини олиш билан боғлиқ бўлиши керак. Бу соҳа мутахассисларидан билим, тажриба, малака ва зарур кўникмаларни талаб қилади.
Фақат кучларни бирлаштириб, одам савдосига қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирлар тизимини яратишда халқаро ва миллий тажрибадан фойдаланиш, барча манфаатдор тузилмаларнинг ўзаро ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш мумкин.
Республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази нодавлат нотижорат ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган. Марказ 20 йилдан зиёд вақт мобайнида одам савдоси ва бошқа турдаги зўравонликларга қарши курашиш бўйича фаолият юритиб келади.
2004 йилдан буён одам савдоси олдини олиш ва ушбу турдаги жиноятдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш бўйича “Долзарб алоқа тармоғи” иши йўлга қўйилган. 2016 йилда бошланган одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган “Долзарб алоқа тармоғи” лойиҳаси АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича Бюроси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Ушбу давр мобайнида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан мамлакат ташқарисига чиққан ва давлат ичида бўлган Ўзбекистон аҳолисининг “Долзарб алоқа тармоғи”га бўлган мурожаатлари қабул қилиб келинмоқда. Мурожаатчилар ишга жойлашиш мақсадида хорижга хавфсиз чиқиш ҳақида маълумотлар, шунингдек, одам савдоси, оилавий зўравонлик ва бошқа турдаги зўравонликлардан жабрланганлар, ҳимояга мухтож заиф ҳолатдаги мигрантларни ватанга қайтаришларида ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлишди. Лойиҳанинг 5 йиллик даври мобайнида марказ томонидан 1 минг 400 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига Ватанига қайтишда ёрдам кўрсатилди.
2020 йилда бошланган "Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини ошириш орқали одам савдоси учун жиноий жавобгарликка тортишни мустаҳкамлаш" лойиҳаси АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича Бюроси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий йўналиши жабрланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишини фош этиш, қўзғатиш, тергов қилиш ва судлов жараёнларининг барча босқичларида ҳуқуқий кўмакни ташкил этишга қаратилган.
Марказ 20 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа мутасадди давлат органлари, ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатишга эришди. Шу билан бирга, белгиланган давлатлардаги 20 дан ортиқ одам савдосига қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи ННТ билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлди.
Конференция ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали ҳам қатнашди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА