ОЧЛ: «Пахтакор» дуранг ўйнади, «Нефтчи» мағлубиятга учради
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи иккинчи тури доирасида бугун «Ал-Садд» — «Ал-Ҳилол» ҳамда «Ал-Иттиҳод» — «Шабоб Ал-Аҳли» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Мусобақанинг навбатдаги турида Ўзбекистоннинг икки клуби майдонга тушди. Тошкентда «Пахтакор» Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» жамоасини қабул қилган бўлса, «Нефтчи» Ар-Риёдда «Ал-Наср» меҳмони бўлди.
«Пахтакор» стадионида ўтган учрашувнинг 35-дақиқасида Кристофер Баа чап қанотдан узатган тўпни Тижани Рейндерс голга айлантирди. Жамоамиз биринчи бўлим якунида ҳисобни тенглаштирган эди. Бироқ, Акмал Мозговойнинг аниқ узатмасидан кейин Стефен Чинеду томонидан бош билан рақиб дарвозасига урилган гол VAR тизими орқали ўйиндан ташқари ҳолат дея кўрсатилди ва бекор қилинди.

Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратди. Учрашувнинг 89-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов ўзи ишлаган пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва жамоалар бир очкодан қўлга киритди.
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида "Ал-Наср" ва "Нефтчи" ўзаро тўқнаш келди. Учрашув 3:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди. Ўйинда ҳисоб 33-дақиқада Анжело Габриэл томонидан очилган бўлса, 42-дақиқада Криштиану Роналду ҳисобдаги фарқни иккитага етказди. Ушбу гол Роналдунинг профессионал фаолиятидаги 981-гол бўлиб, шахсий жаҳон рекордини яна янгилади.

Танаффусдан сўнг "Нефтчи" бор эътиборини ҳужумга қаратди. 51-дақиқага келиб, Алишер Одилов аниқ зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол этди. Афсуски, 65-дақиқада Икромжон Алибоев мезбонлар вакили Муҳаммад Симаканга нисбатан қўпол ҳаракат қилди ва тўғридан-тўғри қизил карточка билан ўйиндан четлатилди. Учрашув тақдирини эса Анваржон Ғафуровнинг ўз дарвозасига киритиб юборган тўпи ҳал қилди.
Шу тариқа, мамлакатимизнинг икки клуби очко йўқотди. Энди 26 октябрь куни Тошкент клуби Элит Осиё чемпионлар лигасининг учинчи турида сафарда Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоаси билан куч синашса "Нефтчи" Фарғонада Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоасига қарши майдонга тушади.
Дарвоқе, турнинг бошқа учрашувларида ҳам қизиқарли натижалар қайд этилди. Бирлашган Араб Амирликларида «Ал-Васл» ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Меҳмонлар сафида 20-дақиқада Рожер Ибаньес ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Педро Малейро мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда эса Тринкао ва Фирас ал-Бурайканнинг голлари «Ал-Аҳли»га ғалаба келтирди.
Эроннинг «Трактор» жамоаси Қатарнинг «Ал-Шамол» клубини қабул қилди. Мустаҳкам ҳимоя ва дарвозабонларнинг ишончли ҳаракатлари натижасида учрашувда ҳисоб очилмади — 0:0.
Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси эса ўз майдонида Эроннинг «Истиқлол» клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Биринчи бўлимда Жасир Ассани мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлим бошида Фаржани Сасси ҳисобни тенглаштирди. 60-дақиқада Ҳусайн Гударзининг голи «Истиқлол»га ғалаба келтирди.
Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» клуби ҳам ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Айн» жамоасига 1:4 ҳисобида енгилди. Ўйиннинг 13-дақиқасида Каку Ромеро ҳисобни очди. 18-дақиқада Саад ар-Русан тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. 23-дақиқада Ҳуссейн Раҳимий Матияс Паласиос узатмасидан кейин ҳисобни 3:0 га етказди. Биринчи бўлимнинг 43-дақиқасида эса Ҳуссейн Раҳимий Софиан Раҳимийнинг узатмасини голга айлантириб, дубль қайд этди. Учрашувнинг 89-дақиқасида Муҳаммад Жавад мезбонларнинг ягона голини киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА