“Очиқ эшиклар куни” ўтказилди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ўқувчи-ёшларни олий таълим муассасаси ҳаёти, ҳарбий таълим жараёни ва ҳарбий касбнинг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан таништириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Яккасарой туманидаги 144-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 150 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари Жамоат хавфсизлиги университети ҳудудида ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг ўқувчи-ёшларга университетнинг тарихи, фаолияти, таълим йўналишлари ва улар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида видеолавҳа намойиш этилди. Меҳмонлар Ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Уларга мавжуд адабиётлар, замонавий ахборот ресурслари ва электрон кутубхона имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
“Очиқ эшиклар куни” доирасида ўқувчи-ёшларга университетнинг амалий таълим базаси ҳам намойиш этилди. Жумладан, махсус мажмуавий тўсиқлар полигони, Кавалерия маркази ҳамда курсантлар ётоқхонасида яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди.
Тадбирнинг кўргазмали қисмида саф майдонида қўл жанги машқлари, қурол билан кўргазмали чиқишлар, кинологлар ҳамда мутахассис-кавалериячиларнинг маҳоратлари намойиш этилди.
Шунингдек, иштирокчилар қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмасини томоша қилиш имконига эга бўлдилар. Ҳарбий оркестрнинг жўшқин куй-садолари остидаги чиқишлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Мазкур тадбир ёшларни университет ҳаёти ва ҳарбий таълим жараёни билан яқиндан таништириш, уларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳарбий касбга бўлган қизиқишини оширишга қаратилди.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА