“Очиқ эшиклар куни”: комплаенс ва молиявий назорат
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда комплаенс ва молиявий назорат масалалари ҳақида сўз борди.
Тадбирда, молиявий ва комплаенс назорат департаментининг 2024 йилдаги вазифаларини амалга ошириш мақсадида 9 ойлик ҳисоботда 63 та комплекс ўрганиш ўтказилгани, молиявий хато-камчиликлар олди олинишига эришилгани қайд этилди. Ушбу даврда 20 та ўрганиш ҳужжати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
– Аниқланган хато-камчиликлар юзасидан 53 нафар ходимга интизомий жазо чоралари кўрилган, – дейди ходим Комилжон Аҳроров. – 18 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилинган. Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс соҳасида ташкил этилган 170 дан зиёд семинар-тренингда 14 минг нафарга яқин ходим қамраб олинган.
Тадбирда коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги баҳоланиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ 90 балл билан юқори натижага эришгани, “Очиқлик индекси” кўрсаткичи бўйича ҳам ўсиш кузатилгани таъкидланди.
Ҳамкорликда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, хато-камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф қилиш юзасидан амалий ишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари