“Ободонлаштирилган университет” лойиҳаси – амалда
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя асосида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланади.
Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида Бухоро давлат университети жамоаси ҳам бир қатор ташкилий-амалий тадбирларни амалга оширмоқда.
Олийгоҳлар ёшларга илм бериши билан бирга ибрат мактаби бўлмоғи ҳам лозим. Айни мақсад университет кўнгилли жамоасини “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бирдамликка чорлади. Таълим маскани ҳудудида кенг миқёсида ободончилик ишлари олиб борилди. Байрам арафаси, август ойи давомида азалий қадриятимизга назар солинган ҳолда “Ободонлаштирилган университет” лойиҳаси йўлга қўйилди.
[gallery-8332]
Университет жамоаси томонидан ҳудуддаги ер майдонлари, дарахту кўчатлар, йўлаклар, ариқ ва зовурларни шунингдек, бино ва иншоотларни тозалиги, озодалигига эътибор қаратилиб, ободонлаштирилди. Манзарали дарахту бўталарга шакл берилди. Бино ва иншоотлар олдида турган ортиқча нарса ва буюмлар тартибга келтирилиб, маиший ва қурилиш чиқиндилари белгиланган ҳудудларга чиқарилди. Жойларда университет профессор-ўқитувчилари ва кўнгилли ёшлар тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
– Университет раҳбарияти томонидан “Бунёдкор ёшлар отряди” ташкил этилган, – дейди университет талабаси Бехруз Шукуров. – Отрядда ўртоқларим билан меҳнат қилаяпман. Жуда ҳам қулай шароитлар яратилган. Меҳнат шартномаси асосида ишлаяпмиз. Ишимиз таълим даргоҳимизни тоза ва озода тутишдан иборат. Меҳнатимизга ўз вақтида ҳақ тўлаб борилмоқда.
Ушбу лойиҳа ҳашар ва ободонлаштириш ишлари август ойида университет ва университетга бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида давом эттирилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА