Ободлик халқ кайфиятини белгилайди
Ҳар йили юртимизда Наврўз байрамини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида ҳашар ўтказиш яхши анъанага айланган.
Ҳашар кунлари одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар ҳамда аҳоли турар жойларини обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш, ҳудудлар санитария ҳолатини яхшилаш ишлари умумхалқ ҳаракати даражасига кўтарилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан “Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, шунингдек, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 2021 йил 13 март куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти томонидан Янгиҳаёт туманидаги “Хумо” МФЙда ҳашар ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов ва бошқалар ҳашарнинг қадрият даражасига кўтарилгани бежиз эмаслиги, юртдошларимиз ҳашарни меҳр-оқибат, ишонч ҳамда дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи восита сифатида эъзозлаб келишини таъкидлади.
Ҳашарда маҳалла ҳудуди чиқиндилардан тозаланиб, дарахтларга шакл берилди. Ариқлар, ирригация тизимлари тозаланди. Кўп қаватли уйлар олдидаги болалар майдончалари тартибга келтирилиб, ушбу худуднинг атрофига 100 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
– Янгиҳаёт туманида олиб борилган кенг кўламдаги янгиланишлар барчамизни мамнун этиб, келажакка бўлган ишончимизни орттираяпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. - Айтиш жоизки, ободлик халқ кайфиятини белгилайди. Эртанги кунга ишончи баланд халқ эса ҳар қандай соҳада юқори натижаларга, муваффақиятларга эришади. Янгиланиш ва яшариш фаслида, айниқса тобора яқинлашиб келаётган Наврўз байрами арафасида ташкил этилган ушбу ҳашар доирасида шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшилиб, аҳоли руҳиятига ўзгача кўтаринки кайфият бахш этмоқда.
Мазкур ҳашарда Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси, Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги вакиллари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА