Ободлик ва фаровонлик кўргазмаси
Термизда Сурхондарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.
Термизда Сурхондарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида хусусий секторнинг эркин фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ушбу тармоқнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрнини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар самарасида маҳаллий хомашёдан тайёрланган харидоргир, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар тури йилдан-йилга кўпаймоқда. 2012 йил ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 100 дан ортиқ корхона қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, бу йил 180 дан зиёд корхона 320 га яқин турдаги маҳсулот билан иштирок этди. Уларнинг 30 дан ортиғи янги турдаги маҳсулотлардир.
Кўргазмада бутловчи қисмлар, уй-рўзғор буюмлари, мебеллар кенг намойиш этилди. Фармацевтика воситалари, бежирим чинни буюмлар, чарм пойабзаллар, эркаклар, болалар ва аёллар кийим-кечаклари, янги турдаги қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа халқ истеъмоли моллари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Ярмарка маҳсулотларни етказиб бериш бўйича тендер савдоларисиз ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконини яратгани билан ҳам аҳамиятлидир, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. – Бу имкониятдан самарали фойдаланаётган хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзларининг буюртмалар портфелини шакллантириб, маҳаллий хомашёдан рақобатбардош ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтираётгани эътиборга сазовордир.
Ярмарка доирасида 12 миллиард сўмликка яқин шартномалар имзоланди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.