Ободлик, кўркамлик касб этган Мингбулоқ
Тантанали маросимда овул аҳолиси, нуронийлар, узоқ-яқин қўшни овуллар, туман ва вилоят марказидан меҳмонлар иштирок этди.
Навоий вилоятининг энг олис манзили, тўртинчи сектор ҳудуди Учқудуқ туманининг “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида янгидан қурилган, мукаммал таъмирланган ва ободонлаштирилган 7 замонавий ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Тантанали маросимда овул аҳолиси, нуронийлар, узоқ-яқин қўшни овуллар, туман ва вилоят марказидан меҳмонлар иштирок этди.
Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Солиев, Учқудуқ туман ҳокими С.Ҳамроев овул аҳлини янги, мутлақо замонавий кўриниш касб этган бино ва иншоотлар билан қутлади. Сўнгги йилларда вилоят ва туманда “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг самаралари ва аҳамиятини яна бир бор қайд этди.

Жорий йил апрель ойида бошланган қурилиш ободонлаштириш ишлари “Мингбулоқ” овулини чинакам бунёдкорлик майдонига айлантирди. Аҳоли уйларини мукаммал таъмирлаш, янги турар жой бинолари, кенг ва равон йўллар барпо этиш, турли ижтимоий соҳа объектларини қуриш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини яратиш, электр энергияси ва тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича кўп ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 11-умумий ўрта таълим мактаби, 4- “Қалдирғоч” мактабгача таълим ташкилоти, овул фуқаролар йиғини биноси, қишлоқ врачлик пункти, ҳаммом сингари ўнлаб объектларда қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 5 километр масофадаги электр тармоқларининг 71 та таянч устунлари янгисига алмаштирилиб, 3 та трансформатор пунктлари ўрнатилди. 5,7 километр ичимлик суви тармоқларига янгидан қувурлар ётқизилди. Марказий кўчаларга тунги чироқлар, эстетик завқ берувчи турли хил ёритиш воситалари ўрнатилди.
“Хотира азиз, қадр абадий” эзгу тамойили асосида рамзий ёдгорлик лавҳаси тикланди. Унда “Мингбулоқ” овулидан Иккинчи жаҳон урушига отланиб, қирғинбарот уруш жангоҳларидан қайтмаган ёш навқирон 22 нафар йигитнинг исми шарифи битилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Учқудуқ тумани “Мингбулоқ” овулига кўчиб келган мутахассислар учун 3 та хизмат уйи қуриб берилди. Шу куни педагог ва тиббиёт ходимлари ўз оилалари билан шаҳар марказидан кам бўлмаган шарт-шароитларга эга хизмат уйларига кўчиб ўтди. Бу мақсадларга қарийб 9 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бўлиб ўтган тадбир байрамона шукуҳи мингбулоқликларга янада кўтаринки кайфият, ғурур-ифтихор бағишлади.
Райҳон ҚОДИРОВА,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.