«Обод қишлоқ» дастури доирасида ишлар авжида
Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар туфайли маҳаллаларда ўзгача қиёфа касб этмоқда.
Бунёдкорликлар, истиқболли ўзгаришлар, янгиланишлар орқали одамларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши ортаётгани, муносабати ўзгараётгани, бир сўз билан айтганда оиласи билан бахт-саодат туйғусини чуқурроқ ҳис қилаётганини кўриш мумкин.
Жорий йилда дастур доирасида туманда “Уйғур” ҳамда “Кўназей” маҳаллалари обод қишлоққа айлантирилиши, обод маҳалла қиёфасига кириши кўзда тутилган бўлиб, айни кунларда ушбу ҳудудларда иш қизғин. Аҳоли билан учрашилиб, кўпгина муаммоларга барҳам берилаётгани аҳолининг ҳам иштиёқини оширмоқда. Маҳалла аҳли ҳам уста ва муҳандисларга қўлларидан келганича кўмакдош бўлмоқда.

Айни дамда маҳаллаларда носоз ўрнатилган таянч устунлари мустаҳкам ҳолатга келтирилиб, электр билан боғлиқ муаммолар жойида бартараф этилмоқда. Йўлларни таъмирлаш, алоқа, газ, ичимлик суви таъминотларини яхшилаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА