Обод маҳалла – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Истиқлолимизнинг 35 йиллик шонли байрами остонасида она диёримизда бунёдкорлик, шукроналик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббуслар кенг қулоч ёймоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Маҳалла – тинчлик ва осойишталик, аҳил-иноқлик, маърифат ва тарбия масканидир. Маҳалла обод бўлса – мамлакат обод бўлади, маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради”.
Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” нинг эълон қилиниши ана шундай улкан ва эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган тарихий ташаббуслардан бири бўлди. Мазкур хайрли ҳаракат халқимизнинг кўп асрлик миллий ҳашар анъаналари, меҳр-оқибат, саховат ва бирдамлик каби юксак қадриятларини бугунги шиддатли ислоҳотлар мазмуни билан мукаммал уйғунлаштириб, жамиятда фуқаролик масъулияти ва дахлдорлик туйғусини янги босқичга олиб чиқмоқда. Зеро, маҳалла азалдан халқимизнинг аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва эзгулик тимсоли бўлиб, ундаги ободлик ва файз жамият тараққиёти ҳамда эл фаровонлигининг мустаҳкам кафолатидир.
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ҳам ушбу ойлик доирасида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария-тозалаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, тадбиркорлар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ягона эзгу мақсад йўлида бирлашиб, ҳудудлар қиёфасини тубдан яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, ариқ-зовурларни тозалаш, дарахт ва гўзал гул кўчатларини парваришлаш, жамоат масканларини обод этиш, “Яшил макон” лойиҳаси асосида яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда экологик муҳитни соғломлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат маҳаллалар кўркини оширмоқда, балки аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватан равнақига бўлган дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамламоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Шофиркон тумани ҳам таниб бўлмас даражада муҳташам ва замонавий қиёфа касб этмоқда. Замонавий мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, илғор тиббиёт масканлари, спорт иншоотлари, маданият марказлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш объектлари қад ростламоқда. Йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, ичимлик суви, электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар сифатини ошириш борасидаги хайрли ишлар аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда оилалар даромад манбаларини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар туман иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида туб бурилиш ясади. Бугунги янгиланаётган ва яшнаётган Шофиркон ана шу изчил ислоҳотларнинг амалий ва яққол инъикосидир.
Мустақиллик байрами остонасида амалга оширилаётган бундай эзгу ва хайрли ишлар халқимиз қалбида шукроналик туйғусини янада мустаҳкамламоқда. Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарор тараққиёт, бунёдкорлик ва фаровонлик истиқлолимизнинг энг улуғ ва бебаҳо неъмати эканини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис этмоқда. Шу боис маҳаллаларимизни янада озода ва кўркам этиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳар бир ўзбекистонликнинг шонли фуқаролик бурчидир. “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида жамиятимизда бирдамлик, меҳр-оқибат ва бунёдкорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ушбу ташаббус ҳар бир фуқаронинг ўзи яшаётган ҳудуд равнақига масъуллигини ошириб, миллий ҳашар анъаналарини мутлақо янги мазмун билан бойитмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон туман бўлинмаси томонидан мазкур ташаббус доирасида маънавий-маърифий тарғибот ишлари, экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари ва ёшлар иштирокидаги амалий тадбирлар тизимли равишда ўтказилмоқда. Зеро, юксак маънавият ва миллий қадриятлар ҳукм сурган жамиятдагина ҳақиқий бунёдкорлик, тараққиёт ва фаровонлик барқарор бўлади.
Давлатимиз раҳбари алоҳида уқтирганидек, “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда энг аввало маҳаллага, ундаги маънавий-маърифий муҳитга ва одамларимизнинг розилигига таянамиз. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакатимиз файзли ва фаровон бўлади”. Бугун ҳар бир юртдошимизнинг фидокорона меҳнати, маҳалламиз равнақига қўшаётган муносиб ҳиссаси бу Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагига қўшилаётган амалий ҳиссадир. Барчамиз “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасидаги эзгу ишларда янада фаол иштирок этиб, янгиланаётган Шофиркон равнақига, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшайлик. Зеро, обод маҳалла фаровон ҳаёт, кучли жамият ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам ва енгилмас пойдеворидир.
Дилором Ғаффорова,
Республика Maънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари.
ЎзА